Menu
Your Cart

«Қуръони Карим оятлари мазмун-маъносининг ўзбекча изоҳли таржимаси»

«Қуръони Карим оятлари мазмун-маъносининг ўзбекча изоҳли таржимаси»

«Қуръони Карим оятлари мазмун-маъносининг ўзбекча изоҳли таржимаси»


Таржимонлар:
 Азизхўжа Иноятов, Ғани Зикриллаев
Нашриёт: «Hilol-Nashr» нашриёт-матбааси
Сана: 2024 йил
Ҳажми: 688 бет
ISBN: 978-9910-719-16-5
Ўлчами: 84×108 1/16
Муқоваси: қаттиқ


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 03-07/6260-сонли тавсияси ила чоп этилган.


СЎЗБОШИ

Қуръони каримни Аллоҳ таоло шак-шубҳа ножоиз бўлган ушбу китоб тақводорлар учун дастуруламалдир (Бақара сураси, 2-оят) деб атаган. Уламолар таърифида у тиловати, қироати ибодат ҳисобланувчи китобдир [МС, УТ].[1]

Муҳаммад а.с. қирқ ёшга етганларида Қуръони карим ваҳий қилина бошлайди. У йигирма уч йил мобайнида сура ва оят шаклида туширилган. Баъзи оят араб алифбосидаги биргина ҳарфдан иборат бўлса айрими бир сўз, битта бирикма ёки бир ва ундан ортиқ гапдан иборат. Энг катта оят бир саҳифани ташкил этади (Бақара сурасининг 282-ояти). Қуръони каримда жами 6236 та оят мавжуд. Шундан 4780 таси Маккада, 1456 таси Мадинада тушган [АбМ, 613-бет]. Бу оятлар 114 сурага бирлаштирилган. Суралар ҳам ҳажман бир хил эмас. Энг кичик сурада 3, энг катта сурада 286 оят бор. Сураларнинг барчаси номланган. Баъзи суранинг номи унинг бошидаги сўздан олинган бўлса айрими унда баён қилинган воқеа-ҳодиса билан боғлиқ. Тўртта сурани номлашда эса араб алифбоси ҳарфларидан фойдаланилган: Тоҳа, Ёсин, Сод, Қоф. Буларнинг асл маъноси ёлғиз Аллоҳга аён. Улар Қуръони каримнинг ўзида муташабиҳ деб аталади (Оли Имрон сураси, 7-оят). Айрим суранинг номи икки ва ундан ортиқ.

Қуръони каримда барча оятнинг рақами айланага олинган. Манба сифатида фойдаланганимиз ўн учта таржиманинг аксариятида оят рақами қавсга олинмай ундан кейин нуқта қўйилган ва биринчи сўз бош ҳарф билан бошланган. Битта немисча таржима [RP]да рақамдан кейин нуқта қўйилмай мустақил гап бош ҳарф билан, эргаш гап ёки сўз бирикмаси кичик ҳарф билан ёзилган. Ўзбекча таржималардан иккитаси [АбМ, УТ] ва тожикча таржима [МУ]да эса барча оят рақамидан кейин нуқта қўйилган-у оят бошидаги гап мустақил ёки тўлиқ бўлмаса кичик ҳарф билан битилган. Таржимамизда ўзбек тилининг қурилиши, синтактик тузилиши (структураси) инобатга олиниб оятларнинг бир қисмида рақам айланага олиниб ундан кейин тиниш белгиси қўйилмади ва оят кичик ҳарф билан бошланди.

Маълумки Қуръон оятлари оғзаки ваҳий қилинган. Муҳаммад а.с. оятни Жабраил  а.с.дан эшитиб ёдлагач мусулмонларга айтиб (ўқиб) берганлар. Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Зайд ибн Собит каби ўқиш-ёзишни билган саҳобалар уни хурмонинг пўстлоғи, тери ёки қоғозга ёзиб борган. Расулуллоҳнинг бир неча нафар ваҳий битиб борувчи котиблари бўлган. У зот уларга янги тушган оят қайси сурадан эканлиги ва қаерда туриши лозимлигини кўрсатиб берганлар [МС, УТ].

Абу Бакр р.а. халифалик даврида оят ва сураларни жамлаб китоб шаклига келтиришни Зайд ибн Собитга топширадилар. Бу киши Қуръонни энг яхши ёдлаган бўлиб уни Муҳаммад а.с. ҳузурларида ёзган. Шундай қилиб Зайд ибн Собит ва Умар ибн Хаттоб Қуръонни кийик терисидан бўлган саҳифаларга ёзади. Халифа Усмон ҳазратлари ундан олти нусха кўчиришни буюрадилар [МС].  Ана шу мўътабар нусхалардан биттаси она юртимизда сақланмоқда.

Қуръони карим тиловатининг муҳим шартларидан бири оятларнинг маъносини тадаббур қилмоқдир [МС, 7, ХХ]. Негаки Аллоҳ таоло бир оятда тушунинглар деб уни араб тилида туширдим (Юсуф сураси, 2-оят, 235-бет) деса бошқа бир оятда ибрат олишар ва осон бўлсин деб Қуръонни ўз тилингда туширдим (Духон сураси, 58-оят, 498-бет) дейди. Шу билан бирга Зумар сурасининг 28-ояти (461-бет)да одамлар тақводор бўлар деб Қуръонни соф араб тилида туширдим деб уқтирса Марям сурасининг 97-ояти (312-бет)да тақводорларга хушхабар бериб итоатсиз-саркашларни огоҳлантир деб уни сенинг тилингга осон қилиб қўйдим дея таъкидлайди. Шунга ўхшаш оят ўндан ортиқ. Бундан Қуръони каримни бошқа тилларга таржима қилиш зарурлиги англашилади. Аммо бадиий ёки илмий асар таржимасидан кескин фарқ қилганлигидан у ҳар қандай тилга ўгирилганда араб тилига хос хусусиятлар, назмий услуб, мафтункор оҳанг ва руҳий таъсир ўз кучини қисман бўлса-да йўқотади [АбМ]. Шу боис у айрим тилга қайта-қайта таржима қилинган. Устоз Муҳаммад Ҳамидуллоҳ гувоҳлик беришларича урду тилида унинг уч юздан ортиқ, форс ва турк тилларида юздан зиёд таржимаси бор [МС, 7, XIX].  Манба сифатида фойдаланиш учун 21-асрдаги туркча таржималардан иккитасини танлаб олдик. Булар Бурҳан Орҳан ва  Меҳмед Яшарнинг (ҳамкорликдаги) таржимасидир.

Рус тилида ҳам бир неча таржима мавжуд. Шулардан биттаси акад. И. Ю. Крачковский қаламига мансуб насрий таржима бўлса иккинчиси  Валерия Порохова томонидан амалга оширилган шеърий таржимадир. Салмоқли таржималардан яна бири Эльмир Кулиев истеъдоди ва улкан меҳнати маҳсулидир.

Немис тилига Қуръони каримни таржима қилиш 1616 йилдан бошланган. Ҳозирги кунда турли ҳажмдаги ўнлаб таржима немис халқининг маънавий мулкига айланган. Биргина 20-асрда шулардан Руди Паретнинг оммабоп таржимаси ўн марта, Макс Ҳеннингнинг изоҳли таржимаси ўн беш марта, Муҳаммад ибн Аҳмаднинг таржима ва тафсир китоби (1633 саҳифа) эса ўттиз марта нашр этилган. Бу таржималар нашрдан нашрга такомиллашиб борган. Негаки улар таржимон вафотидан кейин етук мутахассислар томонидан  тузатиб тўлдириб нашр этилмоқда. Жумладан Ҳеннинг таржимасининг кейинги нашрларини Мурод Вилфрид Ҳофман амалга оширган. У 2001 йилда нашр этилган таржимага салмоқли Муқаддима (Einführung) ҳам қўшган. Унда жумладан сўзма-сўз таржима ҳақиқий таржима эмас, арабча сўзларнинг немисча сўзлар билан берилиши холос деб ёзади. Бундан бошқа тилга Қуръони карим оятларининг мазмун-маъносини ўгириш лозимлиги аён бўлади.

Қуръони каримни ўзбек тилига таржима қилиш 20-асрда бошланган. Илк туркий (эски)  ўзбек тилига қилинган таржима 1956 йилда Саудия Арабистонидаги ватандошимиз Саййид Маҳмуд Тарозий (Олтинхон тўра) томонидан амалга оширилган [УТ, VI, 743]. Бошқа манбада айтилишича у киши Қуръони каримни замонавий  ўзбек тилига илк бор таржима  қилиб  тафсир ёзган. Бу китоб Ҳиндистон, Покистон ва Саудия Арабистонида қайта-қайта чоп этилган [ИЭ, 190]. Тошкентда  ҳам икки марта нашр қилинган: Қуръони карим, маънолари таржимаси ва шарҳлар. 2-нашри. Тошкент, “Фан”, 2002 [УТ, VI, 747].

Ватанимизда Қуръони карим таржимасига истиқлол йилларида давлат миқёсида катта эътибор берилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ қисқа муддат ичида бир нечта бевосита таржима ва тафсир нашр этилди. Мақсаду вазифаси асосан мос келганлигидан улар бир-бирини тўлдиради. 

2019 йилда шайх Алоуддин Мансурнинг “Қуръони азим мухтасар тафсири” номли китоблари (922 саҳифа) босилиб чиқди. Унинг Сўзбошисида устоз фахрланиб шундай ёзадилар. “Қуръони карим маъноларини ўзбек тилига таржима қилиш” мавзусида ўтказилган ўзига хос мусобақада ғолиб бўлдим ва Оллоҳ таолонинг инояти билан менга 1990–91 йиллари тарихимизда илк марта Қуръон маъноларини аслиятдан замонавий ўзбек тилига таржима қилиш ва унга изоҳ ёзишдек улуғ бахт насиб этди (5).

Мухтасар тафсирнинг дастлабки изоҳли таржимадан фарқи хусусида Сўзбошида шундай дейилади. Қўлингизда Каломуллоҳ маъноларининг тамоман янги сифатда қайта ишланган таржимаси турибди. Таржимон томонидан 10 000 ўринда ўзгариш ва қўшимча киритилди (6).

Ушбу таржима-тафсирнинг яна бир фазилатини шайх ҳазратнинг ўзлари шундай баён қиладилар. Ушбу улуғ китобнинг ҳар бир ояти маъносини таржима қилишдан ташқари унга уч турли изоҳ ҳам қўшдим. Дастлаб ҳар бир сура олдида ўша суранинг қисқача мазмуни дарж қилинди. Сўнг оятлар таржимаси орасида қавс ичида қисқача изоҳ берилди. Бундан ташқари айрим тушунилиши ўта мураккаб бўлган оятлар остида алоҳида изоҳ қўшилди (8).

Яна бир диққатга сазовор жиҳат шуки Қуръони каримнинг туркман, қозоқ ва уйғур тилларига таржимаси айнан шайх Алоуддин Мансурнинг қаламларига мансуб таржима асосида амалга оширилган. Қирғиз тилига ўзлари қилган таржима эса Бишкек ва Теҳронда нашр этилган (5). Булар бари устозимизнинг машаққатли, айни пайтда шарафли меҳнатлари маҳсули фақат Марказий Осиёда эмас, хорижий мамлакатларда ҳам эътироф этилаётганлиги ва қадрланаётганлигига ёрқин далил ҳамда барчамизга ўрнак бўлгуликдир. Шу муносабат билан изоҳли таржимамизда ушбу нашрга қайта-қайта мурожаат қилганимизни эслатишга бурчлимиз.

Шиорлари “диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш” [МС, 1-жуз, 2] бўлган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари улкан ҳажмдаги тафсиру таржимани қуръонхонларга туҳфа этдилар. Ушбу кўп йиллик машаққатли, айни пайтда ҳузурбахш илмий изланиш маҳсули бўлган мажмуага Тафсири ҳилол  номи берилган. Негаки “эндиликда зулмат чекиниб қора тун қаъридан ҳилол ёғду сочмоқда” [МС, 6-жуз, 571]. Мажмуанинг фойдаланганимиз нашри етти жуздан иборат. Унинг олти жузини (4000 саҳифага яқин) тафсир ташкил этади. Еттинчи жузи эса Қуръони карим маънолари таржимасидир. Унга арабча оятлар матни киритилган. Бу билан “биринчидан, асл матннинг қудсияти балқиб туради. Қолаверса, ҳар доим таржиманинг аниқлигини текшириш имкони бўлади” [МС, 7-жуз, XVIII]. Ушбу таржима хосга ҳам мўлжалланганидан ўзбек тилига ўзлашмаган арабча сўз  ҳам анча: инфоқ, мавъиза, насх, қоим, шакур, ҳаром ой, ҳабата, қаййум, рибо, жунуб, силоҳ, калола, алақа, сужуд, вайл бўлсин ва б. Устоз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек билимдон олим ҳам “баъзи ҳолатларда ўзбек тили қоидаларига риоя қилмасликка мажбур бўлдик” [МС, 30, 22] дея эътироф этадилар. Бунинг сабаби шуки “барчасидин араб тили фасоҳат ойини била мумтоз ва балоғат тазъйини била мўъжиза тироздур” (Алишер Навоий). Бинобарин айрим оятни ихчам ва равон таржима қилиш амри маҳолдир.

Таржималардан яна бири устоз шайх Абдулазиз Мансур қаламларига мансуб. Ушбу таржиманинг афзал жиҳати кўп. Аввало шуки таржимага сайқал бериб уни такомиллаштириш мақсадида матн қайта ишланиб бот-бот нашр этилаётгани таржимоннинг эзгулик йўлида ўз билим, маҳорат ва меҳнатини аямаслигидан далолат беради. Шуни таъкидлаш жоизки таржима ва тафсирнинг бир китобда жамланиши, оят матни, таржимаси, тафсир ва изоҳининг бир саҳифада берилиши фойдаланиш учун ўта қулайлик туғдиради. Оятларнинг асл матни арабча саводи борлар учун мўлжалланган бўлса таржима матнида қавс ичида изоҳнинг кўп ва хўб берилиши арабчани тушунмайдиган қуръонхонларга қўл келади. Негаки улар кўп маъноли, маъно кўлами кенг, шаклдош ва ҳоказо арабча сўзларнинг маъно қирраларини очиб беришга имкон туғдиради. Саҳифа охиридаги айрими ихчам, айрими кенг тафсирлар эса шариат, тариқат, ҳақиқат, фиқҳ, фалсафа, тарих, маданият, ахлоқ, тил каби инсон маънавий-ижтимоий ҳаётининг турли соҳаси ҳақида етарли маълумот бериб  Қуръони карим ҳақиқатлари борасида диний саводи борларга ҳам ёш авлодга ҳам баравар сабоқ беради.

Янги таржима муаллифи муфтий ҳазратлари Усмонхон Темурхон Самарқандийдир. Ушбу таржиманинг ҳам фазилати кўп. Янги таржимага эҳтиёж, зарурат борлигининг изоҳи диққатни ўзига тортади. “Қуръони каримни яхши билмаган, тушунмаган кишиларнинг асл ҳидоят йўлидан, ҳақ йўлдан чалғишлари, турли оқим ва ҳаракатларга алданиб қолишлари, миссионерлар ва сохта мазҳаблар таъсирига тушиб қолишлари осон кечади” [УТ, I, 4]. Демак ҳозирги ўзбек адабий тилидаги  бу таржима ёш авлодга, истиқлол фарзандларига Қуръони каримнинг юксак маънавиятимиз сарчашмаси эканлигини англаш имконини беради; уларнинг намунали ахлоқ эгаси бўлишига, она Ватанга садоқат руҳида тарбияланишига ҳисса қўшади.

Сўзбошида “замонавий фан-техника ютуқлари ва кашфиётлари баён этилган илмий китоблардан ҳам фойдаланилди” [УТ, I, 5] дейилган. Буни ҳам ушбу таржиманинг фазилатларидан бири дейиш мумкин. Негаки бундай ҳолда илоҳий ҳақиқатларни замонавий фан-техника ютуқлари ҳам тасдиқлаётгани далил, факт ва рақамлар билан кўрсатиб берилади. Бундай ёндашув ва кўзда тутилган бошқа мақсаду вазифалар тафсирли таржиманинг бир неча жилддан иборат бўлишини тақозо этиши табиий. Шу муносабат билан мажмуага Тафсири ирфон деб ном берилиши ҳам узукка кўз қўйгандек бўлганини таъкидлаш жоиз.

Мазкур таржиманинг фазилатларидан яна бири шуки унда қавс ичидаги изоҳлардан имкон борича воз кечилган [УТ, I, 5]. Бундай ҳолда таржиманинг сурати аслига яқинлашади. Унинг сийратини ҳам таржимада акс эттириш мақсади эса мусаввирдан янада чуқур билим ва қунт талаб қилади. Негаки бундай ҳолда устоз Абдулла Қодирий таъкидлаганларидек жумла тузишда узоқ андиша керак бўлади. Иш жараёнида мазкур ўгитга амал қилинганини қуйидаги иқтибос тасдиқлайди: “Қуръони каримнинг ушбу маънолари таржимаси ва тафсири бошқаларидан шу билан фарқланадики, унда оятлар маъноси замондош ўқувчиларимизга иложи борича тушунарли, содда ва равон бўлишига ҳаракат қилинди” [УТ, I, 2].

Қуръони карим она тилимизга Шамсиддин Бобохонов, Исматулла Абдуллаев ва бошқалар томонидан ҳам таржима қилинган [УТ, VI, 744].

Хулоса шуки Қуръони каримнинг янги-янги қирраларини ўрганиш, уни янгидан кашф этиш ҳам давом этаверади [УТ, VI, 746]. Бизнинг асримизда бу жараён янада фаоллашиб бориши табиий. Аввалги хато ва камчиликларни такрорламаган ҳолда тобора сифатли таржима ва тафсирларни таълиф этиш янги аср уламоларининг шарафли ва масъулиятли вазифаларидандир [АбМ]. Бошқача айтганда “иншооллоҳ ҳали бу улуғ китоб билимдон уламолар томонидан кўп марта, қайта-қайта  таржима ва тафсир қилинади ҳамда бўлажак ҳар бир тафсир ўз хусусияти ва фазилати билан ўқувчилар Оллоҳ таолонинг сўзини янада яхшироқ танишларига, теранроқ англашларига хизмат қилади” [АлМ, 6].

Ана шу шарафли, айни пайтда масъулиятли вазифани бажаришга имкон қадар ҳисса қўшиш илинжида Қуръони карим оятлари мазмун-маъносининг изоҳли таржимасига жазм этдик. Ишнинг самарали бўлиши учун эса таржимон энг аввало “араб тилини ўта яхши билиши билан бирга таржима қилинаётган тилни ҳам жуда яхши билиши шарт” [МС, 7, XVII]. Модомики “араб тили, сарф, наҳву балоғат олимлари ҳам ўз илмини Қуръондан олган” [МС, 17] экан таржимон мазкур қоидаларни араб тили бўйича асрлар давомида яратилган китоблардан ўрганса бўлади. Аммо ўзбек адабий тилининг меъёр-қоидаларини илмий адабиёт, дарслик ва қўлланмалардан ўрганиш етарли эмас. Негаки ҳозирги ўзбек адабий тилимиз тарихий ўзбек адабий тили, сўзлашув нутқи ҳамда шевалар асосида 20-асрда шаклланган. Бинобарин унинг меъёрлари мустабид тузум даврида белгиланиб қоидалаштирилган.

Маълумки шўро салтанатида давлат сиёсати ва унга мос равишда тил сиёсатининг ботиний мақсади халқларнинг ўзаро тилини яқинлаштириш ниқоби остида руслаштириш бўлганидан миллий адабий тилларни меъёрлаштиришда олимлар кўп ҳолда ҳукмрон халқ тилининг хусусиятини асос қилиб олишга мажбур бўлди. Ана шу меъёрлар қоидалаштирилиб ўрта ва олий мактаб дарслигу қўлланмаларига киритилди. Масалан филология факултети талабаларига мўлжалланган дарсликда предикатив боғланиш – эга ва кесим муносабати гапнинг ядросидир [65, 14] дейилди. Отнинг -лар олмаган шакли фақат бирликни билдиради деб уқтирилди. Ҳолбуки бу иккала хусусият ҳам ҳозирги ўзбек адабий тилида рус тилига қараганда араб тилига яқин.

Истиқлол шарофати билан тил сиёсати ўзгариб адабий тил бўлимларини ислоҳ қилиш имконияти туғилди. Жадал суръатлар билан ёзув ва имло ислоҳ қилиниб амалиётга татбиқ этилди. Айни пайтда атама ва жой номларини давр руҳига мослаш бошланди. Буларни ҳам давлат ўз зиммасига олди [48, 41]. Бошқа бўлимларни ислоҳ қилишда асосан илмий муассаса мутахассисларию олийгоҳ ва университет профессор-ўқитувчилари масъулдир. Аммо бу масъулиятли вазифани ҳозирча тўлиқ амалга оширдик дея олмаймиз. Академик Ғ. Абдураҳмонов 1968 йилда, проф. К. Назаров 1974 йилда тиниш белгилари рус тилида қандай бўлса ўзбек тилида ҳам шундай ишлатилмоқда деб ёзган эди. Истиқлолнинг дастлабки йилларида пунктуация қоидалари ислоҳ  этилмаганлиги боис бошқалар қатори Қуръони карим таржимонлари ҳам шу қоидаларга риоя қилган. Оқибатда таржималардан бирида ўн беш сўзли гапда тўққиз ўринда, бошқасида олтмиш олти сўзли матнда олтмиш беш ўринда тиниш белгиси ишлатилган (Муқаддимага қаранг: 4.7). Диний-тасаввуфий услуб ҳам ўз тадқиқотчиларини кутмоқда. Тилшунослар биринчи галда унинг бошқа услублар билан муносабати, ўзига хос хусусиятини меъёрлаштиришга эътибор қаратади (Муқаддимага қаранг: 3.3.4).

Умумий ва назарий тилшунослик асосчиси В. Ҳумболт луғатга нисбатан грамматикада миллатнинг руҳий ўзига хослиги кўпроқ акс этади [48, 21] деб ёзган. Бундан грамматик меъёрларни ҳам ислоҳ этиш лозимлиги англашилади. Аммо она тили грамматикасига доир дарслик ва қўлланмаларда айрим мавзу қоидаларида русча қолип, андозалардан воз кечилган эмас эди. Ана шу қоидалардан фойдаланилганидан мухтасар тафсир  (АлМ)да Нур сурасининг 61-ояти (515-бет)да -лар  йигирма марта қўлланган. Рус тилидаги грамматик сон категориясининг хусусияти ўзбек тилига нисбат берилмаса -лар умуман ишлатилмайди (таржимамизга қаранг). Негаки ўзбек тилида кўплик фақат -лар билан эмас, қулай матнда отнинг ўзак, негизи билан ҳам ифода этилади (Муқаддимага қаранг: 4.4.3). Шу муносабат билан оятда отлар кўплик шаклда келган-ку деган эътироз бўлиши табиий. Бу энди арабча кўплик шаклнинг қўлланиши ҳақидаги қоидалар билан боғлиқ (Муқаддимага қаранг: 4.4.3).

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки Қуръони карим тили мўъжизанинг мўъжизаси эканлиги энг аввало қироатда намоён бўлади. Чунки  қироатда лисоний воситаларга қофия (саж) ва оҳанг қўшилиб шундай ҳузурбаxш, мафтункор, мўъжизакор жарангдорлик, оҳангдорлик ҳосил бўладики унинг қаршисида ҳар қандай тил ожиз (Муқаддимага қаранг: 4 ва 4.1). Шу билан бирга ҳар иккала тил қурилишига тежамкорлик хос бўлганидан рус ва немис тилларига нисбатан ўзаро яқинлик кўп (Муқаддимага қаранг: 3.3.2.1). Шундай бўлса-да лисоний бирликлар яъни сўз, шакл, бирикма, гап ва матннинг ҳажми, маъно-мазмун кўлами, маънонинг белгиланганлик даражаси, маънодошлиги, кўп маънолилиги, шаклдошлиги, маъно кўчиши, фикр ва тушунчанинг ифодаланиши, воқеланиши ва қўлланишида ҳар иккала тилда тафовут кам эмас. Булар ҳаммаси қиёсий-типологик жиҳатдан аввало назарий  сўнгра амалий  тадқиқу таҳлилни тақозо этади. Акс ҳолда олдинги ишларимизда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш имкони бўлмайди. Таржимамизга Руҳ ва тил[2] номли назарий ва амалий фасллардан иборат Муқаддиманинг илова қилиниши шу билан изоҳланади.

Оятларга доир изоҳнинг ҳаммаси саҳифа охирида берилди. Унинг бир қисми арабча, ўзбекча, туркча, русча ва немисча тафсиру таржималардан айнан ёки қисқартириб олинди. Изоҳнинг асосий қисми оят мазмун-маъносини тушунишга кўмак берадиган лисоний ҳодисаларга бағишланган. Бунда асосан арабча сўз, ибора ва грамматик бирликларнинг таржимада ҳам ихчам, аниқ ва равон ифода этилишига эътибор қаратдик. Ҳақиқат қиёсда аён бўлади[3] дейилганидек изоҳларда айрим оятдаги сўз, шакл, бирикма, гап ёки иборанинг таржимаси бошқа ўзбекча, шунингдек хорижий тиллардаги таржималар билан қиёслаб берилди. Бунда Қуръони карим таржимасида катта тажриба тўпланганидан немисча, русча, туркча нашрларга тез-тез мурожаат қилдик.    

Фойдаланилган адабиёт ва манбалар рўйхати тўрт қисмга бўлиб берилди. Аввал таржима, изоҳ ва муқаддимада фойдаланилган манбалар ёзилди.  Ихчамлик учун таржимон, шунингдек асар муаллифининг исми шарифи ёки манба номи қисқартириб ўрта қавсга олинди.  Фойдаланиш осон бўлсин учун таржима ёки тафсир саҳифаси Қуръони каримга мос келмаса (604 саҳифадан кўп бўлса) оятнинг ҳам иқтибос ва ҳаволанинг ҳам саҳифаси арабча рақам билан кўрсатилди. Манбанинг жуз ёки жилди рим рақами билан белгиланди.

Рўйхатнинг иккинчи қисмини луғатлар, учинчи қисмини илмий, илмий-усулий, таълим-тарбиявий адабиётлар ташкил этади. Аввал адабиётнинг рўйхатдаги рақами, кейин зарур бўлса фойдаланилган саҳифаси ёзилиб орасига вергул қўйилди. Иккита луғат ёки адабиётга ҳавола берилган бўлса улар бир-биридан нуқтали вергул билан ажратилди. Бир-икки  марта ҳавола берилган қўшимча адабиёт ҳақида маълумот матн ичида саҳифа охирида рақамлаб ёзилди. Тўртинчи қисмга мисол олинган манбалар киритилди. Уларга ҳавола бошқа манбалардагидек кичик қавсда рақам билан кўрсатилди.

Қисқартма сўз ва рамзий белгилар билан кўрсатилган фонетик ёзув намуналари фойдаланиш осон бўлсин учун алоҳида  ёзилди.

Муаллифлар таржима, изоҳ ва Муқаддима матнини синчиклаб ўқиб қимматли маслаҳатини аямагани учун БухДУ доценти Фируз Сафаровга, Қоҳира Айнушшамс университети бакалавриати ва магистратурасини тугатган арабшунос мутахассис Отабек Холов,  Мирараб олий мадрасаси мударрислари Тўймурод Сайлиев ва Рустамжон Нарзиевга миннатдорлик билдиради. Техник ишларнинг барчасини беминнат адо этгани учун Зебинисо Саноқул қизидан Аллоҳ рози бўлсин.

Таржима сифатини яхшилашга доир фикр-мулоҳазалар мамнуният билан қабул қилинади.

Бухоро шаҳри, 2021 йил.
Ҳижрий 1443.


[1] Матн (илова ва изоҳлар)да ўрта қавсдаги қисқартма отларнинг тўлиқ шакли адабиёт рўйхатида берилган.
[2] Шунингдек қаранг: Ғани Зикриллаев, Фируз Сафаров. Руҳ ва тил. Тафаккур журнали, 2018, 1-сон, 70–75-бетлар.
[3] Қаранг: Ғани Зикриллаев. Ҳақиқат қиёсда кўринар. Тафаккур журнали, 2019, 3-сон, 44–49-бетлар.


Мундарижа
Фотиҳа (Биринчи сура)  

Бақара (Сигир)  

Оли Имрон (Имрон оиласи)  

Нисо (Хотин-қизлар) 

Моида (Зиёфат) 

Анъом (Чорва)  

Аъроф  (Арасот) 

Анфол   (Ўлжа)  

Тавба 

Юнус

Ҳуд 

Юсуф 

Раъд (Момақалдироқ)  

Иброҳим  

Ҳижр 

Наҳл (Асалари) 

Исро (Тунги сайр) 

Каҳф (Ғор)

Марям 

Тоҳа

Анбиё (Пайғамбарлар)  

Ҳаж   

Муъминун (Мўминлар)  

Нур  

Фурқон   

Шуаро (Шоирлар) 

Намл (Чумоли) 

Қасас (Қисса) 

Анкабут (Ўргимчак) 

Рум  

Луқмон  

Сажда   

Аҳзоб (Фирқалар)  

Сабаъ   

Фотир (Холиқ)  

Ёсин  

Саффот (Саф тортиб турувчилар) 

Сод  

Зумар (Гуруҳлар)  

Ғофир (Кечирувчи)  

Фуссилат (Тафсилот) 

Шўро (Кенгаш) 

Зухруф (Зийнат) 

Духон (Тутун) 

Жосия (Тиз чўкувчилар) 

Аҳқоф (Қумтепалик)  

Муҳаммад 

Фатҳ (Зафар) 

Ҳужурот (Ҳужралар) 

Қоф   

Зориёт (Тўзғитувчи) 

Тур (Тоғ) 

Нажм (Юлдуз) 

Қамар (Ой)  

Раҳмон (Меҳрибон зот)  

Воқеа (Қиёмат) 

Ҳадид (Темир)

Мужодала (Мунозара) 

Ҳашр (Бадарға) 

Мумтаҳана (Имтиҳон) 

Саф 

Жумъа   

Мунофиқун (Мунофиқлар)  

Тағобун (Жазо ва мукофот)  

Талоқ   

Таҳрим (Тақиқ)  

Мулк (Ҳукмронлик)  

Қалам   

Ҳаққо (Ҳақиқат соати) 

Маориж (Осмон қаватлари) 

Нуҳ   

Жин  

Муззаммил (Ўралиб ётувчи) 

Муддассир (Бурканиб олувчи) 

Қиёмат  

Инсон  

Мурсалот (Юборилганлар) 

Набаъ (Хабар)  

Нозиот (Қийнаб жон олувчилар) 

Абаса (Ҳўмрайиш)  

Таквир (Нурсизланиш)  

Инфитор (Ёрилиш) 

Мутаффифун (Уриб қолувчилар) 

Иншиқоқ (Парчаланиш)  

Буруж (Буржлар) 

Ториқ (Юлдуз) 

Аъло (Олий зот) 

Ғошия (Қамровчи) 

Фажр (Тонг) 

Балад (Шаҳар)  

Шамс (Қуёш)  

Лайл (Тун) 

Зуҳо (Чошгоҳ) 

Шарҳ (Кенг очиш)  

Тин (Анжир)  

Алақ (Лахта қон) 

Қадр (Қадр кечаси) 

Баййина (Аниқ ҳужжат) 

Залзала (Зилзила) 

Одиёт (Тулпорлар)  

Қориа (Ларза) 

Такосур (Молпараст) 

Аср   

Ҳумаза (Ғийбатчи)  

Фил   

Қурайш  

Моъун (Рўзғор буюмлари) 

Кавсар (Жаннатдаги ҳовуз)  

Кафирун (Кофирлар) 

Наср (Мадад)  

Масад (Арқон)  

Ихлос   

Фалақ (Субҳидам)  

Нас (Инсоният) 

Илова 

Сўзбоши 

Қисқартма сўзлар 

Рамзий белгилар 

Муқаддима:  Руҳ  ва тил

1-ФАСЛ. ҚУРЪОНИ КАРИМДА РУҲ ВА ТИЛ ТАЛҚИНИ

1.1. Руҳнинг моҳияти ва маънолари

1.2. Руҳ сўзининг маънодошлари

1.3. Руҳий фаолият ва унинг таркибий қисмлари

1.4. Тил руҳий-ижтимоий хилқат 

 

2-ФАСЛ. ОВРУПО ТИЛШУНОСЛИГИДА РУҲ ВА ТИЛ ТАЛҚИНИ  

2.1. Тилларнинг пайдо бўлиши  

2.2. Тил билан тафаккур муносабати 

2.3. Тил руҳий қувват маҳсули ва яхлит тизим  

2.4. Руҳий қувват ва синтез  

2.5. Қатъий изчиллик, ўта соддалик ва юксак уйғунлик  

 

3-ФАСЛ. ЗАМОНАВИЙ ТИЛШУНОСЛИКДА РУҲ ВА ТИЛ МУНОСАБАТИ  

3.1. Атеистик дунёқараш ва миллий руҳ  

3.2. Шўро салтанати ва миллий тилларга муносабат  

3.3. Истиқлол ва ўзбек адабий тили ислоҳоти  

3.4. Ўзбек адабий тили қурилишининг бош хусусияти  

 

4-ФАСЛ. АРАБ ТИЛИ ҚУРИЛИШИ БОШ ХУСУСИЯТИНИНГ ҚУРЪОНИ КАРИМ

ТАРЖИМАСИДА ИФОДА ЭТИЛИШИ  

4.1. Тажвид  

4.2. Имло

4.3. Сўз маъноси  

4.4. Сўз ва қўшимча маънодошлиги  

4.5. Сўз ва гап муносабати  

4.6. Гап ва матн муносабати  

4.7. Тиниш ишоралари ва тежамкорлик  

4.8. Хотима  

Фойдаланилган манба ва адабиёт рўйхати 

Тавсия ёзиш

Изоҳ: HTML is not translated!
Ёмон Яхши
«Қуръони Карим оятлари мазмун-маъносининг ўзбекча изоҳли таржимаси»
114 000 сўм
  • Stock: Мавжуд
  • Код: 5016
  • Вазни: 1.39кг
  • ISBN: 9789943754751
Сотилган сони: 18
Кўрилган сони: 6606
Сайтимиз ишлашини яхшилаш учун биз cookie-файллардан ва шунга ўхшаш бошқа технологиялардан фойдаланамиз. Талаб ва шартлар.