Menu
Your Cart

«Нақшбандия: вазифалар, зикрлар» (экспорт учун)

«Нақшбандия: вазифалар, зикрлар» (экспорт учун)
«Нақшбандия: вазифалар, зикрлар» (экспорт учун)
«Нақшбандия: вазифалар, зикрлар» (экспорт учун)
йўқ
«Нақшбандия: вазифалар, зикрлар» (экспорт учун)
«Нақшбандия: вазифалар, зикрлар» (экспорт учун)
«Нақшбандия: вазифалар, зикрлар» (экспорт учун)

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг қаламларига мансуб «Нақшбандия: вазифалар, зикрлар» деб номланган китоблари.
(Фақат экспорт учун)

    Аллоҳ таолога У Зотнинг Ўзига муносиб ҳамду санолар бўлсин!

    Расули акрам Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин!

    Аллоҳ таолога сонсиз-саноқсиз шукрлар бўлсинким, мустабид тузум даврида юз берган камчиликларни тугатиб, динимизни атрофлича ўрганиб бормоқдамиз. Албатта, бу жараён силлиқ ва осон кечаётгани йўқ. Турли соҳаларда ҳар хил тўсиқлар ва муаммолар чиқиб турибди. Мазкур ҳолатларни бирмабир муолажа қилиб, ишларни ўз ўрнига қўйиш ва маромига етказиш керак бўлмоқда.
        
     Дастлаб бемазҳаблар асрлар оша мусулмон миллати амал қилиб келаётган фиқҳий мазҳабларимизга осилишди. «Мазҳаблар бидъатдир»дея жар солишди. Масжидларда жанжаллар кўтаришди, мужтаҳид уламоларимизга, буюк имомларимизга тош отишди. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ва у зотнинг сафдошларигa беодобларча туҳматлар қилишди.
    
    Уламоларимиз бемазҳабларнинг бу хуружларига қарши мардонавор туришди. Уларнинг сафсаталарига кераклича илмий асосдаги раддиялар қилишди. Барча масалаларни халқимизга тушунарли услубда баён қилиб беришди. Аллоҳ таолога шукрки, бу борада ишлар ўз ўрнини топди. Диндорларимиз бемазҳабларнинг дийдиёсига учмайдиган бўлишди.
   
    Камина ходимингиз ҳам бу борада «Ихтилофлар ҳақида» (янги нашри — «Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар»), «Бемазҳаблик бидъатдир» (таржима), «Мазҳаблар – бирлик рамзи» каби асарлар ҳамда «Зикр аҳлидан сўранг» силсиласидаги китоблар билан, интернетдаги мақолалар, радиодаги чиқишлар ҳамда овозли ёзувлар орқали камтарона ҳиссасини қўшди.

    Шу билан бирга фиқҳга оид масалаларни мужтаҳид уламоларимиз қандай баён қилишган бўлса, шундай ҳолда, осон ва тушунарли услуб ҳамда тилда баён қилиб ҳам берилди. Халқ мужтаҳид фақиҳларимизнинг илмий ишларини енгилтак бемазҳабларнинг асоссиз гапидан дарҳол ажратиб оладиган бўлди.

    
    Ушбу сатрларни қораловчи ожиз банда ҳам Аллоҳ таолонинг ёрдами билан бу ишга ўзининг камтарона ҳиссасини қўшди. Жумладан, «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласидаги «Таҳорат», «Намоз», «Рўза», «Закот», «Ҳаж», «Савдо», «Никоҳ», «Қасам, назрлар ва ов» жузларини, шунингдек, уч жилдлик «Кифоя», «Фиқҳий йўналишлар ва китоблар», «Усулул фиқҳ» каби китобларни ҳанафий мазҳаби асосида ёзиб, халқимизга тақдим этди.


    Алҳамдулиллаҳ, ҳозирга келиб оддий мусулмонлар ҳам ҳанафий мазҳабидаги китобларни бошқалардан осонлик билан фарқлайдиган бўлиб қолдилар. Бунда бемазҳабларнинг гапини ажрата билиш учун мазҳабнинг гапини яхши билиш иш берди.


    Кейинроқ қарши тараф Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабига осила бошлади. Улар имом Абу Мансур Мотуридий ва имом Абулҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳимоларга ва уларнинг издошлари бўлмиш ал ломаларимизга бўҳтон тошини ота бошлашди. 
Улар «Мотуридий аҳли суннадан эмас!» дея жар солишгача етиб бордилар. Улар ўтмишдошлари кўтарган турли асоссиз ихтилофларни қайтадан кўтариб, авом халқнинг хаёлини паришон қилишди, одамларни ақийда бобида ташвишга солишди.

    
    Уламоларимиз халқимизга ақийда бобидаги керакли ва тўғри тушунчаларни етказиш орқали бемазҳабларнинг бу борадаги хуружларига ҳам етарли ва асосли раддиялар бердилар. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби таълимотига қарши тараф одамларимизни ташвишга солган масалалар енгил услуб ила баён қилинди.


    Шу билан бирга, фақат бемазҳабларнинг гапларига раддия бериш билан кифояланиб қолмай, Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳаби асосида замонавий услубда асарлар ҳам битилди. Бу билан одамларимизга қорадан оқни ажратиб олишга имкон туғилди. Ожиз банда, камина ходимингиз ҳам бу борада камтарона бўлса ҳам ўз ҳиссасини қўшди. «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласидаги «Ислом ва иймон» китоби, «Сунний ақийдалар», «Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» каби китобларни нашр қилди. «Ақийдай таҳовия шарҳи талхийси» китобини таржима қилиб, нашрга тайёрлади.


Сўнгра тасаввуф илмига навбат келди. Бемазҳаблар ўз дийдиёсини айтди, уламоларимиз раддиялар қилишди. Камина бу соҳада «Тасаввуф ҳақида тасаввур» асарида, «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг қуйидаги жузларида тўхталиб ўтди:

• Учинчи жуз — «Ният, ихлос ва илм китоби».

• Уттиз тўртинчи жуз — «Яхшиликлар ва ахлоқ китоби».

• Ўттиз бешинчи жуз — «Зикрлар, дуолар, истиғфор ва тавба китоби».

• Ўттиз олтинчи жуз — «Зуҳд ва рақоиқлар китоби».

• Ўттиз еттинчи жуз — «Одоб китоби».

Бу борада буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг амири имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ таълиф қилган «Адабул муфрад» китоби «Одоблар хазинаси» номи билан ўзбек тилига таржима ва шарҳ қилиниб, чоп этилди. Руҳий тарбия соҳасида битилган асарлар қаторига яна тўрт жузли китоб қўшилди.

Вақт ўтиши билан мўмин-мусулмонлар орасида турли саволлар пайдо бўлди:

«Нима учун баъзи намозхонлар ёлғон гапиради?»

«Нима учун ҳажга бориб келган баъзи кимсалар яна аввалги ёмон ишларини қилиб юришибди?»

«Намозни ўргандик, энди нима қиламиз?»

«Рўзадор ғийбат қилса, рўзаси очилар эмиш. Буни қандай тушунамиз?»

«Намоз ўқиётганимда хаёлимга ҳар хил ёмон фикрлар келаверади. Уларни айтишга тил ҳам айланмайди. Бу ҳолат нимага далолат қилади?»

Мазкур муносабатлар ва фикрлар аввалдан ёзишни ўйлаб юрган китобимизни бошлашга чорлади. Ва ниҳоят, Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолда ушбу ишга қўл урилди.

Китобга яхши ният билан «Руҳий тарбия» номи ихтиёр қилинди ва у уч қисмга бўлинди.

Биринчи қисм «Покланиш» деб номланди. Унда аввало доимий равишда покланиш учун зарур бўлган омиллар ҳақида маълумотлар берилди. Кейин эса кирланишга сабаб бўладиган салбий ҳолат, сифат ва хулқлар ҳақида маълумотлар ва улардан покланишнинг йўллари баён қилинди.

        
    Иккинчи қисм «Тикланиш» деб номланди. Унда мўмин-мусулмон бандада бўлиши лозим бўлган маълум мақомотларни рўёбга чиқариш ҳақида сўз юритилди. Бошқача қилиб айтганда, мусулмон шахсиятининг қай тарзда тикланиши баён қилинди.

Учинчи қисм «Хулқланиш» деб номланди. Бу қисмда аввало Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ила хулқланиш, бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш ҳақида маълумотлар берилди. Сўнгра хулқланишнинг самаралари ҳақида сўз юритилди. Ҳар бир сифат ва мақомнинг луғатдаги ва уламолар таърифидаги маънолари тақдим этилди. Улар ҳақида келган оят, ҳадис, ҳикматли сўзлар ўз ўрнида тақдим этилди.

Бу асарларнинг барчаси назарий таълимотлардан иборат. Шунинг учун бизда назарий эмас, амалий соҳада муаммолар пайдо бўла бошлади. Бўлганда ҳам анча жиддий ва хатарли бўлди. Бу сафар ишкал бемазҳаблардан эмас, тасаввуфчиман деб даъво қилиб юрган сохта тасаввуфчилардан чиқди. Минг афсуслар бўлсинким, бундайлар ҳам орамизда анчагина. Улар асосан диний саводи оз, қолоқ тушунчаларни ўзига сингдириб олган кимсалардир. Уларнинг «шайхлари ҳам мерос йўли билан ёки асоссиз равишда раҳбар бўлиб олган кимсалардир. Бу эса ўз навбатида катта муаммоларга сабаб бўлиши турган гап. Шундай бўлди ҳам:

• Тошкентнинг чеккасидаги бир маҳалланинг вакиллари келиб, ўта даҳшатли гап айтишди. Бир йиғинда бўлишган экан, биз сохта тасаввуф деб атаётган тоифанинг аъзолари «Бизнинг шайх муридларнинг қайси ёнбоши билан ётганини ҳам кўриб туради. Бунга ишонмаган ўзи кофир, хотини талоқ», дебди.

• Чилонзордаги бир маҳаллада бир одам чиқиб, вафот этган бир шайхнинг ўрнига шайх бўлдим деб даъво қилибди. Кейин эса менга Аллоҳдан ваҳий келяпти деб даъво қилибди. Менинг хонадонимга ҳам унинг иккита хабарчиси келиб, «Суюнчи беринглар, шайхимизга Аллоҳдан хабар келяпти», деб кетишибди. Бу нусха ўзининг гапларини дискларга ёзиб тарқатибди. Домлалардан илтимос қилган эдик, ўша сафсатани эшитиб, унда қирқдан ортиқ куфр сўзлар борлигини айтишди.

• Вилоятлардан бирида шайх бўлиш орзусида юрган биттаси одамларни жамлаб, мажлис ўтказиб, тезда шайх сайлаш кераклиги ҳақида оғиз кўпиртириб гапирибди. Мажлисга одам жамлаш учун хабарчилар юборибди.


    Бунга ўхшаш гапларни яна давом эттиравериш мумкин. Улар етарли даражада. Буларнинг барчаси бундай ҳолатларга барҳам бериш учун ҳаракат қилмоқни тақозо қилади.

Охирги пайтда «Қайси шайхга қўл берса бўлади?» каби саволларни берадиганлар кўпайиб кетди. Ўзимизда бунга сазовор одамлар бўлмаса, бошқа тарафларга боришга тайёрман деганлар ҳам йўқ эмас. Бу ҳолатларни мулоҳаза қилиб, тасаввуфдаги фикрий тушунчалар етарлича баён қилинса ҳам, амалий жиҳатдан бирор нарса йўқлиги мулоҳаза қилинди. Кўпчилик билан маслаҳатлашиб, худди фиқҳдаги каби ўзимизнинг нақшбандия тариқатидаги амалий ишларни ёритиб берувчи қўлланма тайёрлаш кераклиги мулоҳаза қилинди. Шу ниятда қўлингиздаги рисолани тайёрлашга қарор қилинди.


    Мақсадимиз — одамларимиз турли сохта сўфиларнинг қўлига тушиб, сарсон бўлмасин, ҳар хил тушунмовчиликлар кўпаймасин. Истаганлар тайёр қўлланмадан фойдаланаверсин. Ҳеч бўлмаса, ҳақиқий тариқат амалиёти билан сохтакорларнинг амалиёти орасидаги фарқни билиб олишсин.

Бу рисолани тайёрлашда нақшбандия тариқатининг асл манбаларидан фойдаланилди. Иложи борича Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ҳужжат ва далиллар келтирилди.

    
    Аллоҳ таоло бу камтарона ишни барчамизга манфаатли бўлишини, турли сохтакорларнинг тузоғига тушиб қолишдан сақланиш воситаси бўлишини насиб этсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ

Муҳаммад Юсуф

 

Муаллиф: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Номи: «Нақшбандия: вазифалар, зикрлар»
Нашриёт: «Hilol» нашриёт-матбааси
Сана: 2019 йил
Ҳажми: 160 бет
ISBN: 978-9943-5775-8-9
Ўлчами: 70х90 1/32
Муқоваси: қаттиқ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 12 февралдаги 709 рақамли хулосалари асосида тайёрланди

 

Ушбу китобда қуйидаги масалаларга оид маълумотлар олишингиз мумкин:

Мундарижа

Муқаддима

Нақшбандия тариқати
Тариқат
 силсиласи
Силсилага
 хулоса
Нақшбандия
 тариқатидаги уч йўл
Нақшбандиянинг
 ўн бир асосли дастури
Зикрнинг
 фойда ва самаралари
Зокирнинг
 одоблари
Муҳосаба
Кундалик
 вазифалар
Вирдларнинг
 тафсилоти ва ҳужжатлари
Турли
 муносабатларга оид зикрлар
Хотима
Манбалар
 рўйхати

 

Тавсия ёзиш

Изоҳ: HTML is not translated!
Ёмон Яхши
«Нақшбандия: вазифалар, зикрлар» (экспорт учун)
18 000 сўм
  • Stock: йўқ
  • Код: 1437
  • Вазни: 0.11кг
  • ISBN: 9789943577589
Сотилган сони: 28
Кўрилган сони: 27155
Сайтимиз ишлашини яхшилаш учун биз cookie-файллардан ва шунга ўхшаш бошқа технологиялардан фойдаланамиз. Талаб ва шартлар.