Menu
Your Cart

«Сўнмас Қуръон садолари - Абдумалик қори»

«Сўнмас Қуръон садолари - Абдумалик қори»

АБДУЛМАЛИК ҚОРИ АБДУРРАҲИМ

(1937-1975)

Абдулмалик қорининг оталари Абдурраҳим ака хизмат тақозоси билан Андижон вилоятидаги Ҳаққулобод шаҳрига юборилган бўлиб, 1937 йил 5 майда (ҳижрий 1310) шу ерда фарзандлик бўлган. Абдумалик қори туғилганда шифокорлар унинг туғма кўзи ожиз эканини, уни даволаб бўлмаслигини айтишади. Бунга онаси ҳомиладорлик даврида қизамиқ билан қаттиқ оғригани сабаб бўлган, деб тахмин қилишади. Аввалига боланинг чап кўзи ғира-шира бўлса-да, бироз кўргандек бўлади, аммо вақт ўтиши билан иккала кўзи ҳам бутунлай кўр бўлиб қолади. 

Абдулмалик ниҳоятда истеъдодли, зийрак бола эди, эшитган нарсасини тез ёдлаб олиш қобилиятига эга эди. Боладаги истеъдодни сезган отанинг кўнглига ўғлини ҳофизи Қуръон қилиш иштиёқи тушади ва 5 ёшли Абдулмаликни ҳамқишлоғи Абдулаҳад қорига Қуръон таълими учун олиб бориб, «Буни фақат сиз тарбия қила оласиз», дея устозга бўлган ишончини изҳор қилади, чунки устоз ҳам ёшлигидан кўзи ожиз эди…

Устоз Абдулаҳад қори Абдулмаликка Қуръони каримни оятма-оят ўргатарди. Аввал бериладиган дарсни уч марта ўқиб берар, орадан ўн дақиқалар чамаси ўтказиб, яна икки-уч марта ўқиб эшиттирар, шогирд эса олган сабоғини эсда олиб қолиб, 300-400 маротаба мустақил такрорлар, сўнг устозга ўқиб топширарди. Шу зайлда олиб борилган таълим натижасида Абдулмалик тўққиз-ўн ёшларида Қуръони каримни тўлиқ ёд олишга мушарраф бўлади. 

1953-54 йилларда Абдурраҳим ака ўғли Абдулмалик қорини олиб, Тошкентга келади. Улар жума намозини ўқиш мақсадида «Ҳазрати Имом» масжидига киришади. Намоздан сўнг бир қори тиловат қилади. Шу пайт биринчи сафнинг чеккасида, девор олдида кўзи ожиз ўғлини ёнига олиб ўтирган Абдурраҳим ака ўрнидан туради ва имомга юзланиб, «Бизнинг бир қори ўғлимиз бор. Рухсат берсангиз, у ҳам тиловат қилиб берса, ҳаққига дуо қиларсизлар», дейди. Ижозатдан сўнг Абдулмалик қори Раҳмон сурасидан ўқиб беради. Эшитганлар унинг тиловатидан қаттиқ таъсирланадилар. Имом Зиёуддин қори Абдулмалик қорининг кўзлари ожиз эканини кўриб, шу ҳолида мана шундай етук қори бўлганини ҳаммага ибрат қилиб кўрсатиб, нутқ сўзлайди. Бу нутқ бутун жамоатни ларзага солади. 

Абдулмаликнинг қироати Эшон Бобохон ҳазратларига жуда ҳам манзур бўлган эди. Шу боис у зот Абдурраҳим акадан қорининг таровеҳда хатмга ўтиб беришини сўраб, шахсан ўзлари илтимос қиладилар. Рамазон ойининг бошланишига саноқли кунлар қолган эди. Улар таклифни мамнуният билан қабул қиладилар ва муфтий ҳазратларининг азиз меҳмони бўлдилар. 

Абдулмалик қори Зиёуддин қорининг тавсияси билан Тошкентдан ташқари Сурхондарё, Душанбе ва Бишкек шаҳарларида ҳам Рамазон ойидаги таровеҳ намозларида Қуръонни хатм қилиб берар эдилар. У киши бир йили Самарқанддаги Имом Бухорий зиёратгоҳи олдидаги масжидида ҳам хатмга ўтганлар. 

1968 йили Мисрдаги «Ал-Азҳар» университети раҳбари шайхул¬Азҳар бошчилигида юртимизга бир гуруҳ меҳмонлар ташриф буюришади. Уларнинг орасида дунёга машҳур қори, Миср қориларининг шайхи Маҳмуд Халил Хусарий ҳам бор эди. Ушбу гуруҳ Тошкентга келганда Абдулмалик қорини ҳам пойтахтга чақиртиришади. У киши «Камолон» масжидидаги йиғилишда Қуръон ўқиб бериб, Халил Хусарийнинг олқишига сазовор бўлади.

Абдулмалик қори 1970 йил январь ойида маҳалладошлари Ҳабибуллоҳ ака Нуриддиновнинг ташаббуси билан Қуръони каримни тўлиқ ўқиб, магнит тасмасига ёздиради. Қори ака ҳар куни шогирдларидан бирининг ҳамроҳлигида Ҳабибуллоҳ аканикига чиқар, бир-бир ярим порани ўқиб, тасмага ёздирар, шогирдлари эса унинг қироатини мусҳафга қараб, кузатиб турар эди. Шундай қилиб, 5 январда бошланган хатм шу ойнинг охирида ниҳоясига етади. Айтиш мумкинки, ушбу хатм ўзбек қорилари тарихида Қуръони Карим тўлиқ тасмага ёзилган илк намуна бўлган.

Абдулмалик қори 39 ёшда, ҳижрий 1395 йил 25 сафар, милодий 1975 йил 9 март якшанба куни кеч соат 10 ларда охират диёрига сафар қилади. 

Абдулмалик қорининг жанозасига жуда катта жамоат йиғилади. Жанозани Андижон шаҳридаги «Девонабой» марказий масжидининг имом-хатиби, ҳофизи Қуръон, олим Ҳабибуллоҳ ҳожи дада ўқиб беради. Марҳум ўз қишлоғидаги қабристонга дафн қилинади.

Аллоҳ таоло у зотни раҳматига олган бўлсин, қабрини нурли, даражотини баланд қилсин! Бу дунёдаги иззатларига сабаб қилган Қуръонни охиратда шафоатчи этсин, омин!

 

Лойиҳа муаллифлари:

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид

 

Муаллиф: Абдумалик қори Абдурраҳим ўғли

Номи: «Сўнмас Қуръон садолари - Шаҳобиддин қори» (2 CD МР3) 

Нашриёт: «SEMURG’ MEDIA» МЧЖ

Сана: 2016

Ҳажми: 1301 дақиқа

Тавсия ёзиш

Изоҳ: HTML is not translated!
Ёмон Яхши
«Сўнмас Қуръон садолари - Абдумалик қори»
18 000 сўм
  • Stock: Мавжуд
  • Код: C99
  • Вазни: 0.15кг
Сотилган сони: 6
Кўрилган сони: 40114
Сайтимиз ишлашини яхшилаш учун биз cookie-файллардан ва шунга ўхшаш бошқа технологиялардан фойдаланамиз. Талаб ва шартлар.