Menu
Your Cart

«Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя»

«Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя»

«Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя»

   Ҳазрати Имом Абу Ийсо Муҳаммад ат-Термизийнинг «Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя» таснифи жаҳон тарихидаги беназир ва мумтоз асарлардандир. Асарни илгари туркий-ўзбек тилига Шайх Ҳусомуддин Нақшбандий, сўнг улуғ ватандошимиз, улкан шайх, аллома ва шоир Саййид Маҳмуд Торозий таржима қилганлар. Асар мазкур таржима асосида янгидан нашрга тайёрланди, Байрут/Лубнон нашридаги арабий аслиятта мослаб рақамлаб чиқилди, илгариги таржималарда тарк этилган баъзи ҳадислар янгидан таржима қилинди, зарурий шарҳ ва изоҳлар илова этилди. Мақсад, бугунги китобхонни жаҳон аҳлига ибрат бўладиган энг аслий ва гўзал хислатлар тавсифидан баҳраманд этишдир. Ўз ҳурмат ва муҳаббатини салавот оркали изҳор этиш ҳар бир мўъминнинг бурчидир. Шунинг учун китоб охирига энг гўзал ва фазилатли салавотлар илова этилди. Ушбу севимли китоб нашрини Аллоҳ таоло муборак айласин!

Муаллиф: Абу Ийсо Муҳаммад ат-Термизий
Таржимонлар: Мирзо Кенжабек, Убайдулла Уватов
Нашриёт: «Renessans»
Сана: 2022 йил
Ҳажми: 440 бет
ISBN: 978-9943-6810-0-2
Бичими: 60×90 1/16
Муқоваси: қаттиқ


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 731-рақамли хулосаси асосида нашрга тайёрланди.


САРВАРИ КОИНОТНИНГ

ГЎЗАЛ ТАВСИФЛАРИ

Тақдим

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм. Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. Жаноб Расулуллоҳга беадад салоту саломлар бўлсин. Жаҳон илму маърифати тамаддунига улуғ ҳисса қўшган икки муҳтарам зот - муҳаддислар султони ҳазрати Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳамда дунёдаги олти буюк муҳаддиснинг бирлари ҳазрати Имом Абу Ийсо Муҳаммад ат-Термизий қадимий Мовароуннаҳр, бугунги Ўзбекистон тупроғидан етишиб чиққанлари халқимиз учун улкан ифтихордир. Лекин биз фақат ифтихорга ўрганиб қолиб, фақат буюк зотларнинг номлари билан фахрланиб, бу азиз зотларнинг маънавият оламларидан, илмий-маърифий меросларидан узоқ бўлишга ҳаққимиз йўқ. Ана шу маънода Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг буюк муҳаддис Абу Ийсо Муҳаммад Термизийнинг бой меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш борасидаги ташаббуслари, айниқса, «Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари энди юксак баландпарвоз сўзлардан амалий фаолиятга ўтишимиз зарурлиги ҳақида бизга бир огоҳлантириш, шунингдек, олиму уламоларимиз кўнглини кўтариб, уларни хайрли ишларга тобора руҳлантиришдир. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг биринчи Президент Ислом Каримов раҳбарлигида Сурхон воҳасида, хусусан, Термиз шаҳрида бошланган бунёдкорлик ишларини давом эттиришлари, шу билан бирга, Шеробод туманидаги буюк муҳаддис Имом Термизий мақбараларини тубдан обод этиш, мазкур мажмуани жаҳон миқёсидаги зиёратгоҳ масканга айлантириш йўлидаги хизматлари, шубҳасиз, юртимизнинг халқаро майдондаги обрўйини оширадиган тарихий ишлардир. Илм аҳлига маълум, ҳазрати Имом Абу Ийсо Муҳаммад ат-Термизий ҳижрий 209, милодий 824 йилда қадимий Термиз шаҳрига яқин Буғ мавзеида - бугунги Шеробод туманида таваллуд топганлар. Манбаларда ул зотнинг ҳижрий 279-йилда вафот этганлари ва бу вақтда етмиш ёшда эканлари зикр қилинади. Буюк муҳаддиснинг «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ», яъни «Сунани Термизий» асаридан кейинги энг машҳур асари «аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя» булиб, бу энг гўзал, энг мукамал одобу ахлок намунасидир. Инсонинг яхши одобу ахлоки, чиройли феълу атвори дунëда соҳибига иззат келтириб, охиратда ҳам амаллар тарозусида тош босади. Раббимиз Аллох таоло Ўз муқаддас каломида марҳамат киладики: Яъни: «(Эй Расулим!) Албатта, сиз улуг хулк соҳибидирсиз» (Қалам сураси, 4-оят). Ҳазрати Имом Термизий (раҳматуллоҳи алайх) «Шамоили Муҳаммадийя» асарида яратган Эгамизнинг ана шу муборак сўзини исбот этадиган энг гўзал ҳадиси шарифларни жамлаб, улардаги юксак тавсифларни баён этганлар. Асарда жаноб Расулуллоҳ соллаллоху алайхи ва салламнинг муборак шакл-шамойиллари, гўзал одобу ахлоклари, муборак либослари, камтарона ҳаёт кечиришлари, килич-қалқон, совут ва дубулгалари, муборак саллалари, юриш-туриш ва ўтиришлари, тановул қиладиган таомлари, таомдан аввал ва кейин ўқийдиган дуолари, хушбўйлик суришлари, қандай гўзал хулк билан сўзлашлари, кулишлари, ҳазил ва мутоибалари, уйкулари, ибодатлари, уйда ўқийдиган татаввуь (ихтиëрий суннат ва нафл) намозлари, тутадиган рузалари, кироатлари, йиги ва зорилари, тўшаб ётадиган тўшаклари, тавозуълари, ахлок ва одати шарифалари, ҳаë ва иболари баён қилинади. Буларнинг ҳаммаси барча инсонларга ибрат бўлгулик энг олий хислатлардир. Биродаримиз Мирзо Кенжабек ҳар бир илмий-ижодий ишида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари қўмитаси билан, уламолар кенгаши билан, хусусан, биз билан бамаслаҳат иш олиб боради. У киши мазкур асарни Саййид Маҳмуд Торозий таржимаси асосида янгитдан она тилимизга ўгириб, ҳозирги тилга мувофиқлаштириб, арабий матни билан бирга нашрга тайёрлади. Шунингдек, илгари таржима қилинмаган ҳадиси шарифларни ҳам тўлиқ таржима қилиб, китобни тўлдирди. Асар бугунги ўқувчининг дид ва савиясига мувофиқ шарҳ ва изоҳлар билан бойитилди. Аллоҳ таоло муборак айласин. Бизу сизга, бу муборак китобдан баҳраманд бўлган ҳар бир инсонга улур хулқ соҳибининг гўзал ахлоклари билан хулқланишни насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,
Муфтий УСМОНХОН АЛИМОВ

Тавсия ёзиш

Изоҳ: HTML is not translated!
Ёмон Яхши
«Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя»
40 000 сўм
  • Stock: Мавжуд
  • Код: 3707
  • Вазни: 1.10кг
  • ISBN: 9789943681002
Сотилган сони: 41
Кўрилган сони: 13065
Сайтимиз ишлашини яхшилаш учун биз cookie-файллардан ва шунга ўхшаш бошқа технологиялардан фойдаланамиз. Талаб ва шартлар.