Харид саватчасида 0 маҳсулот(лар) - 0 сўм

ЎЗБЕК ТАДБИРКОРЛАРИ ҚИРҒИЗ ДИЁРИДА

Шу йилнинг 29-сентябрь – 1-октябрь кунлари Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган ва Фарғона вилояти ишлаб чиқарувчиларининг кўргазмаси бўлиб ўтди. Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга қилган ташрифларидан кейинги биринчи қалдирғоч сафар эди. Кўргазмада Республикада хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи, “Ҳилол нашр” нашриёти бош муҳарири Эркин Малик ҳам иштирок этди. Қуйида у кишининг  таассуротлари билан танишасиз.

БИР ТАНМИЗ, БИР ЖОНМИЗ...

Марҳаматли, бағри кенг халқимизда шундай бир ажойиб одат бор. Ўзида борини аввало қўшнисига илинади. “Ён қўшним – жон қўшним”, “Бор, товоғим – кел, товоғим”, “Эл юрт ўртасида дастурхонинг юриб турсин” деган гаплар шундан қолган. Юртбошимизнинг Қирғизистонга қилган илк сафарлари ана шу қадриятларни гўё қайтадан тирилтиргандек бўлди. Икки қўшни халқ орасидаги борди келдиларга кенг йўл очилди. Дийдорлашувлар бошланиб кетди. Жумладан, юртимиз ишбилармонларининг бир гуруҳи катта бир меҳр билан қирғиз диёрига қадам қўйдилар. Улар намойиш қиладиган кўргазмада оддий ширинликдан тортиб, маънавий олам – китоб, мебел, хунармандчилик, телевизор, музлаткич, иситгич, иссиқҳона макетлари, ҳатто электр тарнсформаторларигача бор эди. Ип газлама маҳсулотларини-ку, қўяверасиз. Қаранг,  Қирғизистон билан қўшни бўлган Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг ўзидан 150 дан зиёд ишлаб чиқарувчи,  бир сўз билан айтганда ташқи бозорни эгаллаб бўпти. Ҳа, бор йўғи пойтахтимизу учта вилоят ишлаб чиқарувчиларининг ўзи. Юртимизда пойтахтдан қолишмайдиган қанча шаҳарлар, вилоятлар бор а, ўҳ ў ў...  

Бир вақтлар машҳур қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов “Ўзбекистон Ўрта Осиё цивилизациясининг бешигидир”, деб эътироф этган эдилар.  Хўш, Ўзбекистон  бугунги кунда ана шу номга, шу шарафга қанчалар эришиб келмоқда? Нималари билан дунё эътиборини тортяпти? Ҳамма гап шунда! 

КИТОБСИЗ  – КЕЛАЖАК ЙЎҚ

Офарин, юз элликта хусусий ишлаб чиқарувчилар қаторида китоб маҳсулотлари билан дунёга чиққан “Ҳилол-нашр” ҳам бор эди. Аслида диёримизда нашриётлар кўп, уларнинг сони юздан ошади. Аммо китоб экспортини йўлга қўйган шу ягона нашриёт-да.  Кўз олдингизга юз элликта қизил атиргул ичидаги битта оқ атиргулни келтиринг. Худдики у поклик, иймон ва эътиқод рамзидек кўринади кўзга. Аслида ҳам шундай. Ташкилотчилар бекорга бу нашриётни тадбиркорлар қаторига қўшмаганлар.  Юртбошимиз “Китобсиз келажак йўқ”, деб қўйибдилар. Китоб бу илм, юрт кўзгуси. Ишлаб чиқариш эса унинг махсулидир. 

Мазкур  нашриёт ноширлик лицензиясини қўлга киритганига эндигина тўрт йил бўляпти. Шу йиллар ичида ички бозорни ҳам таъминлаб, Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, ҳатто Жанубий Корея сарҳадларигача етиб борди. Улар улуғ аллома, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига мансуб китоблар ва  мумтоз адабиёт вакиллари – Алишер Навоий, Фузулий, Саъдий Шерозий, Махтумқули, Аҳмад Яссавий, таниқли ёзувчилар – Тоҳир Малик, Муроджон Мансур, Аҳмад Муҳаммад Турсун ва энди танилиб келаётган ёш ёзувчиларнинг қисса ва шеърлари ҳамда болалар адабиётларидир. Нашриёт ўз китобларини чет элларга тайёрлар экан, қозоқ, қирғиз, рус таржимонлари билан бақамти иш олиб боради. Нашриётнинг ўзида ҳам каттагина таржимонлар гуруҳи ишлайди. Яқинда террорчиликка қарши ёзилган  “Очиқ хат” китоби рус тилидан кейин инглиз тилига таржима бўлди. Бу ва шунга ўхшаш китобларни Оврўпанинг бошқа тилларига ҳам ўгириш ҳаракатлари бошланган. “Ҳадис ва Ҳаёт” китоби эса Туркияда дарслик сифатида ўқитилмоқда. Нашриётда чоп этилаётган диний ва маърифий китоблар ўзининг мукаммаллиги ва ишонарлилиги билан хорижий давлатлар эътиборига тушган. Чунки  китоблар  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси  ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертлар гуруҳи назоратидан ўтади. Камчиликлари бартараф қилингач, чоп этишга рухсат этилади.

Шунингдек, нашриёт “Ўзбекистон почтаси” билан ҳамкорликда интернет орқали китоб савдосини аллақачон йўлга қўйган.  Китобларнинг электрон нусхалари эса дунё бозоридан муносиб ўрин олган. Уларнинг сони мингдан ошади. Бу қачонлардир Мовароуннаҳр диёрида тўлиб тошиб оққан илм наҳрида сув яна қайта оқа бошлаганидан бир нишонадир.

МИНГ ДОЛЛАРЛИК  МЎЪЖИЗА

Камина  кўргазмага қўйилган бир мўъжизани кўриб анча хаёлларга толиб қолдим. Бир вақтлар қишлоғимизда ёнғоқ ва жийда дарахтлари кўп бўларди. Ёнғоқлар паққа бўлиб, жийдаларга ранг кириши билан қаровул қўйиларди. Пишганда қоқиб, қопларга жойлаб, давлатга топшириларди. Кейинчалик эллик, юз ёшли бу дарахтларга қирон келди. Пахтани қуритиш учун сушилкаларга ўтин қилиб ёқилди. Нима эмиш,  бу дарахтлар пахта далаларига соя солаётган эмиш. Эссизгина, бу дарахтлар уруш йилларида кўп асқотган эди, деб кексалар ачинган эдилар. Мен бу воқеани нимага эсладим?  Қаранг,  ёнғоқнинг  мевасини бир чеккага қўяайлиг у, унинг танаси бамисоли тиллага тенг экан. “Азия Ташкент бизнес” фирмаси кўргазмага артофига саккиз киши бемалол жойлашадиган стол тақдим этган эди. Кўрган одамки, тўхтаб, туриб қолади. Стол ранг ва ўймакорлик ишларидан холи. Фақат лак берилган, холос. Аммо ниҳоятда жозибали. Қизиққанлар беихтиёр уста муҳандис Отабек Содиқовни саволга тутади. 

– Бу қандай дарахтдан ясалган, бунча жозибали?

– Оддий ёнғоқдан.

– Лак тагидан кўриниб турган мана бу гуллар-чи?

– Чинор дарахтидан.

– Буниси чи?

– Тут...

Хуллас, бу мўъжизанинг асоси ёнғоқ бўлса, гул ўрнида ўн тўрт хил қаттиқ ёғоч ишлатилган. Томоша қилувчилар ҳар бир ёғочнинг ўзига хос ранги бўлишини, бир бирига асло ўхшамаслигини, табиий жозибасини кўриб лол қолишарди ва нархини сўрашарди. 

– Минг доллар, буюртма бўлса почта орқали жўнатамиз,    деб корхона ташриф қоғозини  харидорларга  тутқазади Отабек.

Ўйлаб қоламан, Ўзбекистон ўз мебеллари билан ҳам дунёни забт этса бўлар экан да.  Чунки ёнғоқ, чинор, қайроғоч, тут, олмурут, бодом, ўрик каби қаттиқ ёғочлар фақат  биздагина ўсади. Юртимизни жаннатмакон деганлари шу бўлса керак да.

ШАРҚ  БЎЁҚЛАРИ

“Линк паинтс традинг” қўшма корхонаси ўзининг лак бўёқларини Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманитон, Афғонистонга экспорт қилади. Кўргазмага қўйилган бўёқларни кўздан кечираётиб, беихтиёр ўтган асрнинг қайта қуриш йилларини эсладим. Ўшанда мутлақо ёпиқ бўлган Бойқўнғир космодроми  эшиклари бутун дунё журналистларига очилган эди. У ерга бориш бахтига камина ҳам муяссар бўлган эдим. Ўшанда космик кемаларни йиғадиган улкан завод ичида “Тошкент краскаси”  деб ёзилган идишларга кўзим тушган эди ва айни пайтда шундай улкан иншоотда юртимиз маҳсулотини кўриб ғурурланган эдим. Мен бу ҳақида қўшма корхона вакили Саида Бекматовага айтганимда, у киши кулиб:

– Бизнинг диёрларни Худо ярлақаган, об-ҳавомиз бўёқ тайёрлашга жуда қулай, мўътадил. Бўёқ ўзи асосан иссиқ иқлимли мамлакатларда тайёрланади да. Совуқ ҳароратда бўёқни тайёрлаб бўлмайди. Тўғри, иқлими биздан ҳам иссиқ давлатлар бор. Лекин уларда биздагидек хомашё йўқ. Бизнинг юртимизда эса ҳамма нарса бор. Фақат изланиш, тўхтамай ишлаш керак, вассалом.

Мен у кишига “Самарқанд, Бухородаги обидаларга ишлатилган бўёқларнинг таркиби топилдими?” деган саволни бердим.  Бош қимирлатиб, “йўқ” деган жавоб бўлди. Мен бу саволни бекорга бермаган эдим. Гап шундаки, камина бу саволга ўтган асримизнинг  етмишинчи йилларидан бери жавоб излардим. Ўшанда бўёқлар сирини биладиган одам борлигини, у  Хива шаҳрида яшашини эшитиб қолдим. Хизмат сафари билан шу ёққа йўл олдим. Қаҳрамоним юз ёшни қоралаб қолган машхур уста Рўзимат Арбоб Машарипов эканлар. Дарров уй бурчагидаги печкага ишланган кошинларга кўзим тушди. Кеча терилгандек яшнаб турибди. Демак, отахон бўёқнинг таркибини ҳам, тайёрлашни ҳам биладилар. Аммо қария менга қараб: “Сен экансан-ку, сендан катталарига ҳам айтмаганман”, деб юзини терс бурди. Билсам, ота айтмаслик учун оғзига сўз олиб қўйган экан. Воқеа Тошкент шаҳрида қурилган Алишер Навоий номидаги улкан театр биноси билан боғлиқ. Хуллас, отахон хоразмлик усталарга бош бўлиб, ушбу қурилишда иштирок этган. Бино гумбазининг оғирлигини уч баробарга камайтириш йўлини ўйлаб топган ва театрнинг Хива залини мутлақо янгича ойнаванд услубда ганч билан безаб, ҳаммани лол қолдиради. Қисқаси, бино битгандан кейин бир киши Сталин мукофоти лауреатлигига тавсия этилади. Усталар бир овоздан Рўзимат Арбоб Машарипов номзодини кўрсатишади.  Бироқ Москва номзодни рад этган. Сабаби у киши бутун қурилиш давомида беш вақт намозини канда қилмаган, бунинг устига коммунист эмас эди. Шундан кейин уста “Мен энди бу давлатга ишламайман”, деб оғзига сўз олади ва... бўёқлар сирини ўзи билан олиб кетди. 

Мен бугунги қилни қирқ ёраётган илм-фан замонида минг йиллаб қуёш ва қор, ёмғирлар тасирида ҳам ўз тароватини йўқотмаётган ранглар сири топилгандир, деб юрардим. Ундай эмас экан. Лекин тадбиркор опанинг “Фақат изланиш, тўхтамай ишлаш керак” деган гаплари мени умидлантирди.

ХОНАТЛАС АФСОНАСИ

 Марғилон шаҳридаги “Шарқ ипаги дурдонаси” корхонасининг маҳсулотлари  ихлосмандлар билан тирбанд. Олди сотди шартномалари тузиляпти. Беихтиёр маҳсулотлар сурати туширилган каталог эътиборимни тортди. Ундан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ва қўли гул чевар аёлларнинг суратлари жой олган эди. Кийим кечаклар, аёллар сумкаларининг бари адрас, атлас ва шойидан тайёрланган. Корхонада 400 нафар ишчи ишлайди. Шундан 330 нафари аёллар. Каталогнинг бўш саҳифасини кўриб, фирма бошқарувчиси Исмоилжон Ортиқовга: 

– Мана шу жойга Хонатлас ҳақидаги ривоятни ёзиб қўйса бўлар экан, – дедим.

– Эшитайлик-чи, ёзиб қўйганимиз бўлсин, – қизиқиб қолди у. 

– Хоннинг хотини ўхшаши йўқ атласдан кўйлак киймоқчи бўлади. Хон барча атлас тўқийдиган ҳунармандларни ҳузурига чорлаб, хонзоданинг истагини билдиради ва уларга қирқ кун муҳлат беради. Айтгани бўлмаса, барини қатл қилишга буюради. Ана-мана дегунча қирқ кун ҳам ўтади. Ҳунармандлар ўзларича тўқиган янгича атласларини хон ҳузурига олиб келадилар. Улар орасида бир йигитнинг атласи хонзодага ҳам, хонга ҳам ёқади.

– Бу атласнинг номи нима? – деб сўрайди хон.

– Абрбанд, – деб жавоб беради йигит.

 – Бу нима деганинг? – дейди хон.

– Муҳлат тугаётганидан қўрқиб, Аллоҳга ёлвориб, ярим тунда ҳовлига чиқсам,  осмонда тўп тўп булутлар сузиб юрибди. Қарасам, тўлин ой булутлар орасидан бошқача нур сочяпти. Ўша суратни қандай бўлса, шундайлигича арқоққа кўчирдим. Оқибатда шу атлас пайдо бўлди. Абр – бу булут дегани. Мен уни арқоққа банд қилдим, холос. Шунга бу матонинг номи Абрбанд, – деб жавоб беради йигит. Аммо атлас хонга ва хонзодага ёқиб қолгани учунми, номи хонатлас бўлиб кетади.

– Яхши экан, каталогга киритиб қўямиз, – деди Исмоилжон хурсанд бўлиб.

– Бу ривоятни мен қирқ йиллар олдин Марғилонга борганимда бир кекса момодан эшитган эдим. Балки, адрас ҳақида ҳам, шойининг яралиши ҳақида ҳам шунга ўхшаган ривоятлар тилдан тилга ўтиб сақланиб қолгандир. Улар билан каталогингиз янада мазмундор бўлишига ишонаман, – деб Исмоилжон билан хайрлашдим.

Кўргазмадаги ҳар бир қатнашчи ҳақида алоҳида алоҳида ҳикоялар ёзиш мумкин. Хаёлимда ҳар бири бир қаҳрамонга ўхшайди. Пойтахтимизнинг Чоштепа ҳудудида фаолият юритаётган болалар кийимларини ишлаб чиқарадиган корхонанинг бошлиғи Ҳасановнинг айтишларича, 1 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар учун 300 хилдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқаришар экан. Улар ички бозордан ташқари Россия, Тожикистон, Қирғизистонга экспорт қилинар экан. 100 га яқин аёллар ишлар экан. Айниқса, риштонлик  Ғанижон Элбоевнинг сопол пиёла, коса, чойнак ва лаганлари мезбонларга жуда маъқул бўлди. Бу тадбиркоримизнинг маҳсулотлари ҳам Россия, Болтиқбўйи давлатлари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон диёрларига экспорт қилинар экан. Яна 700 кишини иш билан таъминлаган “Асака текстил продакшн” корхонаси ўзининг 200 хил маҳсулоти билан иштирок этди.

Бу тилга олганларимиз хамир учидан патир, холос. Айтдик ку 150 та  экспорт қувватига эга бўлган тадбиркорлар деб.  Уларни бир сўз билан олдинда от чоптириб бораётганлар дейиш мумкин. Кўргазмада нафақат маҳсулотлар  намойиши бўлди, балки икки халқнинг дўстона учрашувлари давом этди. Уч кун давомида ўзбек ва қирғиз санъаткорлари концертлар бердилар. Кўргазмага бутун Бишкек шаҳри кўчиб келди. Уч кун давомида бир кун наманганлик, бир кун андижонлик, яна бир кун фарғоналик ошпазлар дошқозонларда ош дамладилар. Кўргазма икки қардош халқнинг ҳақиқий байрамига, тўйига айланиб кетди...  Учрашувлар, ҳаяжонли дамларни кўриб беихтиёр: “Бир танмиз, бир жонмиз, қадим она Туркистонмиз”,  деб юборасан киши. 

Эркин МАЛИК 

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, 

“Ҳилол нашр” нашриёти бош муҳаррири