ЎТИШ>


Излаш
0
Саватча
Чегирма Янги саҳифа

    Кўпчиликка маълум, «Hilol Nashr» нашриёт-матбаасига 2011 йилда фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ томонидан асос солинган ва 2012 йилдан китоблар чоп этила бошланган. Шундан буён нашриёт фаолиятида йилдан-йилга ўсиш ва яхшиланиш кузатилди. Йил сайин нашр этилаётган китоблар адади ўсиб, сифати яхшиланиб борди. Айтиш мумкинки, 2018 йил «Hilol Nashr» нашриёт-матбааси мажмуаси учун фаолияти давомидаги энг сермаҳсул йил бўлди. Ўтган бир йил давомида нашриётда 97 номдаги китоблар нашр этилди. Шулардан 26 таси янги номдаги китоблардир.


Энг муҳим фактлар:

- «Hilol Nashr» учун йилнинг энг катта ютуғи мамлакатимиз мустақилликка эришганидан буён биринчи марта кўп ададда Қуръони карим – Мусҳафи шариф нашр этилди. Китоб тақдимоти 2018 йил 23 март куни Ўзбекистон мусулмонлар идорасида ўтказилди ва 28 март – чоршанба куни 10000 ададдаги биринчи нашри сотувга чиқарилди. Юртимиздаги Қуръон ихлосмандлари нашриётда амалга оширилган бу шарафли ишдан жуда хурсанд бўлишди. Йил давомида умумий ҳисобда 40000 нусхадаги Мусҳафи шариф китобхонлар қўлига етиб борди.

 

- Ўтган йилда нашриёт фаолиятидаги яна бир катта марра шу бўлдики, бир йил ичида «Олтин силсила» туркумидаги «Саҳиҳул Бухорий» тўпламининг иккита янги жузи (6-7-жузлар) нашрдан чиқди. Тўпламнинг охирги 8-жузи ҳам январь ойида китобхонлар қўлига етиб бориши режалаштирилган.


- Яна бир янгилик, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламларига мансуб «Тафсири Ҳилол» китобининг русча нашри ишлари анча жонланди. Тўпламнинг янги 3-жузи сотувга чиқарилди, 4-5 жузлари ҳам яқин бир-икки ой ичида китобхонлар эътиборига ҳавола қилиниши кутилмоқда. Бундан ташқари «Бахтиёр оила» ва «Қарз ва унга боғлиқ масалалар» китоблари ҳам рус тилига таржима қилиниб, нашрга тайёрланди. «Бахтиёр оила» китобининг русча таржимаси «Счастливая семья» номи билан январь ойида ўқувчилар қўлига етиб бориши кўзда тутилган.


- «Hilol Nashr» бу йил бугунги кунда таҳқиқ илмининг энг катта намояндаси шайх Муҳаммад Аввоманинг «Фақих имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни» китобини чоп этишга мушарраф бўлди. Китоб таржимаси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳга тегишли. Бундан ташқари, шайх Муҳаммад Аввоманинг ўғли Муҳйиддин Муҳаммад Аввома томонидан нашрга тайёрланган «Жавомеъул калим» китоби шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ўғиллари «Hilol Nashr» нашриёт-матбааси мажмуасининг раҳбари Исмоий Муҳаммад Содиқ томонидан таржима қилиниб чоп этилди. Бу китоблар тақдимотида юртимизда меҳмон бўлиб турган муаллифларнинг ўзлари ҳам иштирок этишди.


-Ўтган йил нашриётимизда тасаввуфга қизиқувчилар учун ҳам яхши янгилик бўлди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб «Нақшбандия: вазифалар, зикрлар» китоби биринчи марта нашрдан чиқди. Аслида бу китоб муаллиф томонидан аввалроқ нашрга тайёрланган бўлса-да, турли сабаблар билан унинг китобхонлар эътиборига ҳавола қилиниши ортга сурилиб келаётганди. Белгиланган вақти шу экан, китоб 10000 ададда нашр этилганига қарамай сотувда жуда тез тугади.


- Эътиборга молик яна бир жиҳат – нашриётимизда аёл муаллифларнинг жамиятимиздаги аёллар масалаларига бағишланган иккита янги китоби нашрдан чиқди. Бири Пошшохон Эшонхон қизи томонидан нашрга тайёрланган «Аёл – мўътабар зот» (Аёлларга оид энг зарур фиқҳий масалалар) китоби бўлса, кейингиси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қизи Одинaхон Муҳаммад Содиқ қаламига мансуб «Қизларжон...» номли китобдир. Ҳар икки китоб ҳам китобхонлар томонидан жуда яхши кутиб олинди, севиб мутолаа қилинмоқда. Бундай китобларга эҳтиёж катталигини уларнинг сотувда жуда тез тугаб кетишидан ҳам билиш мумкин.


- Янги муаллифлар нашриёт фаолияти ва келажаги учун сув ва ҳаводек зарур. Ўтган йил нашриётмизда бир қатор янги муаллифларнинг китоблари нашрдан чиқди. Хусусан, Муҳаммад Айюб Ҳомидов бошчилигидаги муаллифлар гуруҳининг «Имоми Аъзам» китоби, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимасидаги «Икки олам сарвари» номли сийрат китоби ва солиҳ кишилар ҳаётида бўлган ибратли воқеалардан ҳикоя қилувчи «Солиҳлар гулшани» китоблари, Раҳматуллоҳ Сайфуддинов муаллифлигидаги «Мўмин киши – мукаррам зот» китоблари шулар жумласидандир. Бундан ташқари шайх Яҳё Ғавсонийнинг «Осонлаштирилган тажвид қоидалари» китоби Фозилжон Абдулқайюм томонидан таржима қилиниб нашр эттирилди. Бу китоб тақдимотига муаллиф шайх Яҳё Ғавсонийнинг ўзлари ҳам ташриф буюрди ва Қуръон ёдловчилар учун махсус трейнинг ҳам ўтказиб берди.


- Китобхонлар учун яна бир янгилик – «Hilol Nashr» нашриёт-матбааси асосчиси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳаёти ва фаолиятига бағишланган «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ Муҳаммад Содиқ» номли хотира китоби нашрда чиқди. Китоб шайх ҳазратларининг сафдоши, ёзувчи Аҳмад Муҳаммад томонидан тўплаб нашрга тайёрланган.


- Навбатдаги янгилик – нашриётимизда «Болалар учун ибратли ҳикоялар» туркумида янги китоблар чоп этила бошланди. «Odam Ato va Momo Havo. Qobil va Hobil», «Hazrati Nuhning kemasi va to‘fon hodisasi», «Hud payg‘ambar va Eram shahri hikoyasi. Solih alayhissalomning tuyasi» китоблари шулар жумласидандир. «Hilol Nashr» ўтган йил давомида республика ва халқаро миқёсда ўтказилган 30 дан ортиқ кўргазма, ярмарка ва китоб сайилларида иштирок этди.


- Нашриётимизда 2014 йилдан китобларнинг онлайн савдоси йўлга қўйилган. Ўтган йиллар давомида кўплаб китобхонлар бу хизматдан фойдаланиб, ўзларига ёққан китобларни онлайн харид қилишмоқда. 2018 йилда китобларнинг онлайн савдоси ҳажми сезиларли даражада ошди. Жумладан, Мусҳафи шариф, «Қуръони Карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси», «Тафсири Ҳилол», «Ислом тарихи» каби китоблар шу хизмат орқали эгаларига етказилди. Онлайн савдо саҳифаси бўлган www.kitoblardunyosi.uz сайти янги кўринишда ишга туширилди.


- Нашриётда чоп этилган китобларнинг бепул «Виртуал кутубхона»си яратилди. Республикамиздаги масжидлар ҳудудларига ва Ўзбекистон Темир йўллари компаниясининг Тошкент-Андижон йўналишидаги поездларига 50га яқин шундай виртуал кутубхона ўрнатилди.

Ёрқинжон Ҳайдаров

Энг кўп бериладиган саволлар
Энг кўп бериладиган саволлар...
«Бахтиёр оила» китобининг рус тилига таржимаси тақдимоти бўлиб ўтди
«Бахтиёр оила» китобининг рус тилига таржимаси тақдимоти бўлиб ўтди...
1 изоҳлар
Рустам
Рустам
Thursday 21st February 2019

Мен Пулатов Рустам Наим угли шу бугун Хилол нашр.Уз га Уз кабинетимни очдим, ОЛЛОХ хохласа насиб этса, Сизлар нашр эттираётган китобларга буюртма бераман, Хайрли ишларингизда ОЛЛОХ мададкор булсин!

1 дан 1 гача кўрсатиляпти. Жами 1 та (1 саҳифада)
Изоҳ қолдириш