Излаш
0
Саватча

Илмий сафарлари

Маълумки, ҳадисларни жамлаш ва ҳадис илмини ўзлаштириш учун бар-ча толиби илмлар юрт кезиб, турли ўлкаларга сафар қилишган. Имом Мус-лим ҳам шу мақсадда кўплаб Ислом шаҳарларида бўлган. Шунинг учун Нававий имом Муслимни: «У илм талабида турли ўлка ва шаҳарларнинг пешволари ҳузурига кўп марталаб сафар қилган кишилардан эди», деб таърифлайди. Бу ишда унга юксак заковати, ҳиммати баландлиги ва тижо-ратдан орттирган маблағлари қўл келди. У сафар асносида улуғ муҳаддислар билан, замонасининг етук аҳли ҳадислари билан учрашар ва улардан ҳадис ёзиб олар эди.

Имом Муслим сафар қилган шаҳарларни қисқача эслаб ўтамиз.

Ҳижоз сафари

Имом Муслим ўзининг илк илмий сафарини ҳижрий 220 санада Ҳижоздан бошлаган. Ўшанда у эндигина мўйлаби сабза урган ёш ўспирин эди. У ҳаж ниятида йўлга отланган бўлса да, сафар мобайнида санади олий катта устозлар билан учрашди. Икки Ҳарам, яъни Макка ва Мадинадаги шайхлардан ҳадис тинглади. Имом Заҳабий ва имом Нававийларнинг таъкидлашларича, имом Муслим Маккада Қаънабий, Саъид ибн Мансур, Абу Мусъаб Зуҳрий ва бошқалардан, Мадинада эса Исмоил ибн Абу Увайсдан ҳадис тинглаб, ёд олган.

Ироқ сафари

Имом Муслим ушбу сафарида Ироқнинг машҳур ҳадис марказларида бўлди:

1. Басра. У ерда Қаънабий, Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Майсара Қоваририй ва бошқалардан ҳадис тинглади. Имом Муслим Басрага ҳажга кетаётганида ёки келаётганда кирган бўлиши мумкин. Буни Аҳмад ибн Са-ламанинг таржимаи ҳолини ёзган тарихчилар алоҳида таъкидлаб, «Аҳмад ибн Салама имом Муслимнинг Балх ва Басрага қилган сафаридаги ҳамроҳи бўлган», дейишган. Шундан келиб чиқиб, унинг Басрага иккинчи марта ҳам алоҳида сафар қилганини айтиш мумкин. Бу эҳтимолдан холи эмас, чунки имом Муслим ҳижрий 230 йилдан олдин бир қатор мусулмон ўлкаларни ке-зиб чиққан бўлиб, Ироққа ҳам кирган бўлиши мумкин.

Имом Муслим Басрада Алий ибн Наср Жаҳдамийдан ҳам ҳадис тингла-ган. Ҳоким «Найсобур тарихи» китобида Муҳаммад ибн Рофеънинг тар-жимаи ҳолида Аҳмад ибн Саламадан шундай нақл қилади: «Муслим билан Алий ибн Наср Жаҳдамийнинг ҳузурида эдик. Муслим: «Ҳозирги кунда Алий ибн Насрдан кўра Басра аҳлининг ҳадисларини яхшироқ биладиган одамни танимайман...» деди».

2. Балх. Имом Муслимнинг Балхга сафари ҳам Аҳмад ибн Салама ҳамроҳлигида бўлган. Бу сафардан асосий мақсад Қутайба ибн Саъиднинг ҳузурига бориш эди. Бу сафарни Хатиб Бағдодий ҳам қайд этиб ўтади.

3. Бағдод. Имом Муслим Бағдодга бир неча марта борган ва у ерда ҳадис айтган. Миср, Шом, Ҳижоз ўлкаларига қилган сафарида кетишда ҳам, қайтишда ҳам Бағдодга кириб ўтган. Бағдодга қилган сўнгги сафари ҳижрий 259 санада, вафотидан икки йил аввал бўлган. Ҳам таълим олиш учун, ҳам таълим бериш учун Бағдодга келган имом Муслим у ерда Аҳмад ибн Ҳанбал, Холид ибн Хидош, Аҳмад ибн Маниъ, Сурайж ибн Юнус Марвазий ва қироат имоми Халаф ибн Ҳишом Баззор Бағдодий каби улуғ имомлардан ҳадис тинглаган бўлса, ундан Яҳё ибн Соъид, Муҳаммад ибн Махлад ва бошқалар ҳадис тинглашган.

4. Кўфа. Имом Муслим бу ерда Аҳмад ибн Юнус, Умар ибн Ҳафс ибн Ғиёс, Саъид ибн Муҳаммад ибн Саъид Жармий ва бошқа бир гуруҳ муҳаддислардан ҳадис эшитиб, ривоят қилган.

Айтиш жоизки, имом Муслим Ироқда юқорида зикр қилинган муҳаддислардан бошқа кўплаб кишилардан ҳам ҳадис тинглаган ва ривоят қилган. У кишининг шайхлари ичида ироқлик уламолар жуда кўп бўлган.

Рай сафари

Имом Муслим Райга бир неча марта борган. У ерда Муҳаммад ибн Меҳрон Жаммол ва Абу Ғассон Муҳаммад ибн Амр Зунайжодан ҳадис тинглаган. Ҳижрий 250 санада «Саҳиҳ»ини ёзиб тугатганидан кейин ҳам Райга боргани маълум.

Имом Муслимнинг Рай шаҳрига қилган сафарлари жуда манфаатли бўлган, чунки у ерда фақат ҳадис эшитиш билан кифояланмай, ҳадис ва ровийлар ҳақида баҳс-мунозаралар олиб борган ва ҳадис ривоят қилган.

Ҳофиз Абу Қурайш айтади: «Абу Зуръа Розийнинг ҳузурида эдим. Мус-лим ибн Ҳажжож келиб, унга салом берди ва бир муддат унинг ҳузурида бўлди. Иккови дарс қилишди».

Улуғ ҳофизлардан Ибн Абу Ҳотим: «Мен Райда имом Муслимдан ҳадис ёзиб олганман», дейди.

Мисрга сафар

Имом Муслим Мисрга ҳижрий 250 санадан олдин борган. Бунга унинг «Аҳмад ибн Абдурраҳмон Ваҳбийни унинг Мисрдан чиқиб кетганимдан кейинги ҳолатини назарда тутиб танқид қилишган», деган сўзи далолат қилади, чунки Ҳоким 250 йилдан кейин Ваҳбийнинг хотираси сустлашиб қолганини таъкидлайди.

Имом Муслим Мисрда Ҳармала ибн Яҳё, Амр ибн Саввод, Ийсо ибн Ҳаммод Тужийбий, Муҳаммад ибн Румҳ ибн Муҳожирлардан ҳам ҳадис тинглаган.

Жамолиддин Отабекий «Нужумуз зоҳиро» номли асарида имом Мус-лимни Мисрга келган машҳур олимлар қаторида зикр қилган.

Шомга сафар

Имом Муслимнинг таржимаи ҳоли ҳақида сўз юритган муаллифлар унинг Шомга борганини айтиш билан чекланишган, қайси шаҳарларда бўлгани, кимлар билан учрашгани ҳақида тафсилот келтиришмаган. Фақат Ибн Асокир «Тарихи Димашқ» номли китобида имом Муслимнинг Дамашққа киргани ва у ерда Муҳаммад ибн Холид Саксакийдан ҳадис тинглаганини айтган. Бироқ имом Заҳабий бунда шубҳа борлигини айтиб, «Аниқроғи, у Саксакий билан ҳаж мавсумида учрашган, чунки имом Мус-лим Дамашққа бормаган», дейди.

Имом Муслимнинг илмий сафарлари ҳақидаги маълумотларни ўрганар эканмиз, қуйидагича хулоса келиб чиқади: 

– имом Муслим кўп сафар қилган, илм талабида юрт кезган. У замона-сининг йирик илмий марказларида бўлиб, у ерларда бир неча алломалар билан учрашган, илмий мунозаралар олиб борган ва ҳадис тўплаган.

– имом Муслим айрим ўлкаларга бир неча марта борган. Гоҳида бирги-на олим билан учрашиш учун ҳам сафар қилган. Масалан, Қутайба ибн Саъид билан учрашиш учун Балхга борган.

– баъзан ҳадис ўрганиш учун, баъзан ҳадис ўргатиш учун сафар қилган.

– қайси юртга қачон ва неча марта боргани аниқ қайдланмаган. Эҳтиёжга кўра сафар уюштираверган.

– имом Муслимнинг Дамашққа кирган кирмагани ҳақида қатъий бир фикр айтиш мушкул.

– сафарларда кўпинча ҳамроҳ олиб юрган. Мисол учун, Балх ва Басрага қилган сафарида Аҳмад ибн Салама ҳамроҳ бўлган. Шунингдек, Хуросон пешвоси Абу Бакр Хуросоний, Муҳаммад ибн Назр ибн Саламалар билан ҳам ҳамсафар бўлган.

– имом Муслимнинг шайхлари билан танишилганда шу нарса маълум бўладики, у юқорида санаб ўтилган шаҳарлардан бошқа жойларга ҳам ил-мий сафар қилган бўлиши мумкин, чунки шайхлари ичида мазкур ўлкалардан бошқа жойларда яшаб ўтган устозлар ҳам бор. Тўғри, улар би-лан ўша юртларда эмас, бошқа жойларда учрашган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ бу ҳақда аниқ хабар йўқлигидан келиб чиқиб, ўша устозларнинг юртларига ҳам сафар қилганини тахмин қилса бўлади. Шунга кўра имом Муслим қуйидаги шаҳарларга борган бўлиши мумкин: Бағдод, Кўфа, Бас-ра, Балх, Восит (Ироқда), Макка ва Мадина (Ҳижозда), Дамашқ, Масийса, Раққа, Антокия (Шом ўлкасида), Бухоро, Рай, Марв, Самарқанд, Тарсус, Анбор (Хуросон ва Мовароуннаҳрда).

Ҳилол нашр нашриёти Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига китоблар тақдим этди.
...
«САҲИҲИ МУСЛИМ» АСАРНИНГ МУҚАДДИМАСИ ҲАҚИДА
...
1 изоҳлар
Bekjon Qurbonov
Bekjon Qurbonov
Thursday 30th April 2020

Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳларнинг ҳадис китоблари (Олтин Силсила)да. Бир бирида мавжуд ҳадислар сони қанча?

1 дан 1 гача кўрсатиляпти. Жами 1 та (1 саҳифада)
Изоҳ қолдириш