ЎТИШ>


Излаш
0
Саватча
Янги саҳифа Тавсия

Ҳасан Басрий бундай деган эканлар: «Эй одам боласи, сен маълум кунлардан иборатдирсан. Бир кунингнинг кетиши сенинг бир қисминг, бир бўлагингнинг кетиши демакдир». Кунларимиз эса соатлардан, соатлар эса дақиқалардан ташкил топган. Гоҳо бир неча дақиқа вақтимизни беҳудага сарф қилганимизга ачинмаймиз ҳам. Ваҳоланки, бир дақиқада ёки бир сонияда ҳам аҳамиятли, натижаси улкан ишларни амалга ошириш мумкин. Масалан, ўн дақиқа вақтимизни беҳуда ишларга сарфладик, дейлик. Бу вақт давомида қандай аҳамиятли иш қилиш мумкин?

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, (номаи аъмолига) битта яхшилик ёзилади. Ҳар бир яхшилигингиз ўн баробар мислича қилиб берилади. Мен «алиф, лам, мим»ни бир ҳарф демайман, балки «алиф» бир ҳарф, «лам» бир ҳарф ва «мим» бир ҳарфдир», дедилар (Термизий ривояти).

 Ўртача ҳисобласак, киши бир дақиқада Қуръони Каримдан юзта ҳарфни бемалол ўқий олади. Юзта ҳарф учун биттадан бериладиган савобни Аллоҳ таоло ўн маротаба кўпайтириб берса, мингта савоб бўлади. Демак, Қуръони Каримни шошмасдан, бемалол ўн дақиқа ўқишимизда мингта ҳарф ўқисак, ўн мингта савобга эга бўлар эканмиз.

Ёки беҳуда сарфланган ўн дақиқа вақтда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишимиз мумкин эди. Бир дақиқада шошмасдан, ўртача узунликдаги салавотдан 15 марта, ўн дақиқада 150 марта айтиш мумкин бўлади. Бунинг баъзи самараларини эса қуйида ўрганамиз.

Имом Насоий ва Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. «Юзингизда қувонч кўряпмиз!» дедик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чунки ҳузуримга фаришта келиб: «Эй Муҳаммад, Роббинг: «Ким сенга салавот айтса, Мен унга ўн марта салавот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» деди», деб хабар бердилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала аали Муҳаммад. Камаа соллайта ала Иброҳима ва аали Иброҳим. Ва баарик ала Муҳаммадин ва ала аали Муҳаммад. Камаа барокта ала Иброҳима ва аали Иброҳим. Ва тароҳҳам ала Муҳаммадин ва ала аали Муҳаммад. Камаа тароҳҳамта ала Иброҳима ва аали Иброҳим» деса, мен қиёмат куни унга гувоҳ бўлиб, шафоатчи бўламан», дедилар».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади ва ўнта хатосини ўчиради», дедилар».

Салама ибн Вардондан ривоят қилинади: «Анас ва Молик ибн Авс ибн Ҳадасонларнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат ушатгани чиқдилар. Орқаларидан ҳеч ким эргашмади. Умар сопол парчаси ёки покловчи нарсани олиб, эргашди. У зотни хурмо атрофига уни суғориш учун қилинган ҳовузчада сажда қилган ҳолда кўрди. У нарироқ бориб орт томонларига ўтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини кўтара туриб: «Эй Умар, саждада турганимни кўриб, нари кетиб яхши қилдинг. Жаброил келиб, менга: «Эй Муҳаммад! Сенга ким бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади ва унинг даражасини ўн марта кўтаради» деб айтди», дедилар».

Агар ўн дақиқа вақтимизни беҳудага сарфламай, истиғфор айтганимизда нима бўлар эди? Киши шошмасдан, бир дақиқада ўртача 80 марта «Астағфируллоҳ»ни бемалол айтиши мумкин. Бу ўн дақиқада 800 марта бўлади. Бир марта истиғфор айтганда битта гуноҳ кечирилса, ўн дақиқада ўртача 800 та гуноҳдан халос бўлиш мумкин экан. Албатта истиғфорни бундан бошқа яна кўплаб фойдалари бор.

Бўш вақтда албатта Қуръон тиловат қилиш, салавот ёки истиғфор айтиш шарт эмас. Исталган зикрни қилиш, илм ўрганиш, силаи раҳм қилиш ёки бошқа хайрли амалларни қилиш мумкин. Албатта барчаси учун савоб бор. Муҳими, амал Аллоҳнинг розилиги учун бўлса, бас.

Биз юқорида келтирганларимиз вақтимизни беҳудага сарфламаслик учун мисол тариқасидаги ҳисоботлар, холос. Ҳар бир амални қабул қилувчи, унга Ўзи билиб савоб берувчи Аллоҳ таолодир. Истаса, бундан-да кўпайтириб бериши ҳам мумкин. Биздан эса ихлос билан амал қилиш талаб этилади, холос.

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф
(«Ҳилол» журналининг 6-сонидан)

«Имом Aъзам» китоби сотувга чиқарилди
...
«Ҳадис ва Ҳаёт» китоби қорақалпоқ тилида нашр этилди!
...
Изоҳ қолдириш