Харид саватчасида 0 маҳсулот(лар) - 0 сўм

 

Янги китоблар тақдимоти

Бугун «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси томонидан чоп этилган «Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» туркумининг сўнгги икки китоби - «Ҳалол очиқ ойдиндир ҳаром очиқ ойдиндир» ҳамда «Дин насиҳатдир» китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси ҳамда Ислом.уз портали бутун Ўзбекистон халқини, бутун дунё мусулмонларини Рабиъул аввал ойи – мавлиди шариф ойи билан муборакбод этган ҳолда устозимиз фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ бошлаб берган анъанани давом эттириб, у зотнинг улкан илмий меросларини ўрганиш ва халқимизга етказиш ишини давом эттириш мақсадида навбатдаги тақдимот маросимини ташкил қилди. 


Анжуманни «Ислом ота» жомеъ масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Қуръони Карим тиловати билан бошлаб берди.
Маълумки, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳаётларининг сўнгида «Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» деб номланган туркумни ёзиб, туркумнинг «Амаллар ниятга боғлиқдир» деб номланган дастлабки китобини ўзлари тақдим қилган эдилар. Ўша анжуман устозимизнинг ўзлари иштирок этган сўнгги тақдимот бўлган экан. Аллоҳ таоло у зотнинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин.

Алҳамдулиллаҳ, устозимизнинг ишларини у кишининг сафдошлари, шогирдлари, фарзандлари давом эттиришяпти. Бундан аввалги маросимларимиздан бирида ушбу туркумнинг «Зуҳд ва ҳаё» номли китоби ҳам сиз азизларга тақдим қилинган эди. Бугун эса «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси «Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» деб номланган туркумнинг сўнгги иккита китоби «Ҳалол очиқ ойдиндир ҳаром очиқ ойдиндир» ҳамда «Дин насиҳатдир» номли китобларини нашр қилиб, мавлид ойига муносиб туҳфа ўлароқ тақдим этди.

«Ҳалол очиқ ойдиндир ҳаром очиқ ойдиндир» китобини «Тўхтабой» жомеъ масжиди имом-хатиби Исҳоқжон домла тақдим қилиб, ушбу китоб ҳамда муаллиф роҳматуллоҳи алайҳининг ҳақларида тўлқинланиб сўзлади, ушбу туркумнинг, унга киритилган китобларнинг бугунги кундаги аҳамияти, уларда кўтарилган мавзуларнинг долзарблиги муаллиф томонидан нақадар батафсил, мукаммал баён этилгани ҳақида гапириб ўтди. 

Туркумга киритилган сўнгги китоб – «Дин насиҳатдир. Ўзига ярашмаган нарсаларни тарк этиш – киши Исломининг ҳуснидандир»  китобини Зуфаржон домла тақдим қилди.

Тақдимотлардан кейинги давра суҳбатида анжуман меҳмонлари ҳамда иштирокчилари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Анъанага кўра, анжуман сўнггида «Ҳазрати Имом» жомеъ масжиди имом ноиби Исмоилжон қори хатми Қуръонни якунлаб бергач, хайрли дуолар ила бугунги тақдимот маросими ўз ниҳоясига етди. 

Аллоҳ таоло бугунги анжуманни, унда тингланган маърузалар ва айтилган фикрларни барчамиз учун манфаатли қилсин. Тақдим этилаётган барча китобларимиз устозимизнинг номаи аъмолларига садақаи жория бўлиб ёзилиб, Аллоҳ таоло ажру мукофотларидан баҳраманд қилсин.