Харид саватчасида 0 маҳсулот(лар) - 0 сўм

 

Сўнгги пайғомининг илк нузулини «Ўқи!» деб бошлаган, ҳар бир ишда илмни фарз қилган Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!
Умматларига илму ирфонда энг гўзал намуна бўлган Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мукаммал ва батамом саловоту саломлар бўлсин!
 
Жаннатмакон юртимизга истиқлол насиб этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, Ўзбекистон мустақил давлат сифатида дунё саҳнасига чиқиб, тенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойилларига асосланган ҳолда қатъият билан олға интилмоқда, зеро бугунги кунда дунёдаги тинчлик, хавфсизлик ва барқарорлик давлатлар ҳамда миллатларнинг ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликка асосланган дўстона алоқаларига боғлиқ бўлиб қолди.

Жанубий Корея ҳам худди шу йўлда ривожланиб, дунёнинг кучли давлатлари қаторидан муносиб ўрин олган тинчлик, эзгулик ва ҳамжиҳатлик мамлакатидир. Ўзбек ва корейс халқлари ўртасида нафақат бир қитъа, бир минтақада жойлашув, балки тарихий, маданий жиҳатдан ҳам кўплаб уйғунликлар бор. 
Юртимиз мустақилликка эришганидан кейин Жанубий Корея 1991 йил 30 декабрда Осиё — Тинч океан минтақаси давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олган бўлиб, 1992 йилнинг 29 январь куни икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Шу кундан буён ушбу икки мамлакат, икки миллат ўртасида иқтисодий-ижтимоий муносабатлар ижобий руҳда, муваффақиятли тарзда ривожланиб келмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон Кореянинг минтақадаги энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ядро қуролини тарқатмаслик, минтақавий хавфсизликни таъминланиш, терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш ва бошқа минтақавий ҳамда халқаро сиёсий масалаларда ҳам ўхшаш ёки бир хил нуқтаи назарларга эгадир.
Айни пайтда, аввал маълум қилганимиздек, Жанубий Кореяда ҳам ўқиш ёки ишлаш учун кетган бир неча мингдан ортиқ юртдошларимиз истиқомат қилмоқда. Бир пайтлар мустабид тузум сургун қилган корейс халқини ўзбек халқи қандай ош-нон билан кутиб олган бўлса, бугунги кунда корейс халқи ҳам ватандошларимизга ана шундай бағрикенглик билан, очиқ юз билан мезбонлик қилмоқда. Бу дўстона муносабат, айниқса, Жанубий Кореяда яшаб, ўқиётган ва ишлаётган ватандошларимиз учун маҳаллий ҳукумат томонидан масжид ва исломий марказ очиш учун рухсат берилишида ўзининг ёрқин ифодасини топди. 
Маълумингизким, бу хайрли ишга порталимиз ходимлари ҳам баҳолиқудрат ҳисса қўшишган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг бевосита иштирокларида хориждаги юртдошларимиз учун очилган масжидга илк бор расмий имом-хатиб тайинланди, ушбу масжиднинг кутубхонаси эса нашриётимизда чоп этилган китоблар ва медиамаҳсулотлар билан таъминланди. Шайх ҳазратлари бу узоқ ўлкадаги ватандошларимиз, диндошларимизнинг ҳам ғамини еб, чинакам олим, ҳақиқий устоз сифатида у ердаги масжиднинг соф Ислом, соф ақийда асосида фаолият юритишига астойдил ҳаракат қилдилар, шахсан бош-қош бўлган эдилар. Улуғ устозимиз пайғамбарларнинг чинакам вориси сифатида умрларини Исломга хизмат қилиб, илм-маърифат тарқатишга бағишлаган эдилар, ўзларидан ҳам бир олам беназир илмий мерос қолди. Исломни ўрганиш ва ўргатиш ишлари узоқ ўлкаларда ҳам давом этаётганига яна бир намуна шуки, Кореадаги ушбу масжид шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг номлари остида расмий равишда фаолият кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунда устозимизнинг ушбу холис хизматлари ўз натижасини кўрсатмоқда. 
Доно халқимизда «мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас» деган нақл бор. Дарҳақиқат, Ватандан йироқда юрган одам аввало ота-онанинг, она юртнинг қадрини англайди, ҳалол меҳнатнинг баракасини кўради, ҳар бир инсоннинг ўз халқи, ўз Ватани, ўз дини олдидаги масъулияти нақадар юксаклигини тушуниб етади. Шунинг учун бўлса керак, Кореядаги юртдошларимизнинг она тилимиздаги диний-маърифий адабиётларга бўлган талаб-истаклари тобора ортиб бормоқда, динимизни ўрганишга, ўз халқимизни, ўз тарихимиз, маданиятимизни ўрганишга бўлган қизиқиш кучаймоқда. 
Ана шу хайрли ишларнинг натижаси ўлароқ, юртдошларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан, шунингдек, «AIR 1 TRAVEL» ташкилоти ташаббуси билан Жанубий Кореяда янги китоб дўкони ҳам ташкил қилинди. Ушбу дўконга яхши ният билан «HILOL NASHR KOREA» деб ном берилди. Эндиликда Жанубий Кореяда яшовчи барча юртдошларимиз, барча ўзбекзабон азизларимиз мазкур дўконга ташриф буюриб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб китобларни, ушбу китоблар асосида тайёрланган медиамаҳсулотларни, шунингдек, юртимизда чоп этилаётган бошқа диний-маърифий, бадиий ва бошқа нашрларни харид қилишлари мумкин бўлди.

Азиз юртдошлар!
Янги очилган «HILOL NASHR KOREA» китоб дўконга марҳамат қилинг!

 


Манзил: Корея Республикаси, Сеул шаҳри, Yongsang-gu, Itaewon-dong,140-8;

대한민국, 서울특별시 용산구 이태원동 140-8.

Мўлжал: Сеул Марказий масжиди
Мурожаат учун телефон:  +8210-3046-1919

 

 

Аллоҳ таоло улуғ алломамиз, буюк устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг барча солиҳ амалларига беҳисоб ажру мукофотлар ато этиб, олим бандаларига ваъда қилган абадий неъматларига буркасин!
Роббимиз янги очилган ушбу илм-маърифат масканини муборак айласин, уни ташкил қилишга бош-қош бўлган, иштирок қилган, ҳамкорлик қилган, хайрихоҳ бўлган барча азизларимизга улуғ ажру мукофотлар ато айласин!